Мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддатларининг ўзгарганлигидан хабардормисиз?

Хабарингиз бор, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда, жисмоний шахсларга янада қулайлик яратиш мақсадида Солиқ кодексининг 423-440 моддаларига асосан, солиқ даври учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрь санасига қадар этиб белгиланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ хизмати ходимларни ушбу ўзгаришларни аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида жойларда, уйма-уй юрган ҳолда жисмоний шахсларга жорий йил учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича тўлов хабарномаларини тарқатмоқдалар. Таъкидлаш лозимки, солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлиги ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 март санасидан кечиктирмай топширилади.

Маҳалларда олиб борилаётган тарғибот ишлари давомида мавзуга оид тарқатма материаллари ҳамда жорий йил учун тўланадиган тўлов хабарномалари тарқатилди.

Шунингдек, учрашувларда аҳолига уй-жойлари, квартиралари, дала ҳовлилари, гаражлари ва бошқа иморатлари, шунингдек мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига бўлган жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини тўлаши кераклиги тушунтирилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Давлат мукофотлари билан тақдирланган фуқаролар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар, мамлакатнинг конститутциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳарбий хизмат ёки ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланган, ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева аёли, энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар уч йил муддатда мулкида бўлган мол-мулк солиғи тўлашдан озод этилади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугун Қорақалпоғистон Республикасида 400 минг нафарга яқин солиқ тўловчи жисмоний шахслар мавжуд. Жорий йилда Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 418 ва 433 моддаларига асосан эгалигида солиқ солинадиган мол-мулк ва ер участкалари бўлган мазкур жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликларидан қарииб 123 млрд.сўмлик мол-мулк ва ер солиқлари ундирилиши режалаштирилмоқда.

Албатта, фуқаролар томонидан солиқларни белгиланган муддатигача тўлаш, юртимиз иқтисодиётининг янада ўсишига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, қанчадан-қанча бошланажак хайрли, эзгу ишларга керакли маблағ бўлажакдир.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

Бўлимлар