Муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан танишинг

1. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун (ЎРҚ–607-сон, 10.03.2020 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан қатор қонунлар ва кодексларга ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга судьялар ўртасида ишларни тақсимлашга оид алоҳида модда киритилди.

Унга кўра, судларда ишлар судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олиб, муҳокама натижасидан манфаатдор шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда тақсимланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

2. “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Президент Фармони имзоланди.

Фармон билан Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар, жорий этиладиган тартиб ва амалиётлар белгиланди.

Жумладан, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида “Электрон парламент” тизими жорий этилади.

2020 йил 1 августдан бошлаб Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

2020 йил 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмайди.

2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий этилади, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60 фоизга етказилади.

3. “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4633-сон, 06.03.2020 й.)

Қарорга мувофиқ, 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади.

2020 йил ҳосилидан бошлаб:

пахтанинг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;

пахта етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади;

сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади.

4. “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4634-сон, 06.03.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил ҳосилидан давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари миқдори 25 фоизга камайтирилади.

2020 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади;

ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун давлат томонидан харид қилинадиган буғдой барча корхоналарнинг донни сақлаш омборларида шартнома асосида сақланади.

5. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (128-сон, 05.03.2020 й.)

 Қарор билан Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратилишига, улар ижарага берилишига, шунингдек, баландлиги 6 метрдан юқори бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.

 Шунингдек, қарор билан тасдиқланган дастурга кўра, 2020-2024 йилларда 14 та жазони ижро этиш колониясининг жами 60 та яшаш ётоқхоналари кубрик типидаги хоналарга ўзгартириш йўли билан реконструкция қилинади. 3 та янги бино қурилади.

 Бундан ташқари, 2020 йилда озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларини видеокузатув мосламалари ва шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) билан жиҳозлаш ҳамда Пробация хизмати амалиётига электрон браслетларни татбиқ этиш дастури тасдиқланди.

Унга кўра, 18 та жазони ижро этиш колонияларида 1 833 дона видеокузатув мосламаси ва 36 комплект шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) ўрнатилади.

Шунингдек, Пробация хизмати амалиётига жорий йилда 3 минг дона электрон браслет татбиқ этилади.

6. “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (117-сон, 03.03.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ОТМларда ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ушбу фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш каби йўналишлар бўйича таянч ОТМ этиб белгиланди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

давлат университетлари ва педагогика институтларида ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат йўналишида сиртқи ва кечки таълим шакли ташкил этилади;

университетда “Синхрон таржима” ва “Компьютер лингвистикаси” магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси танловларини ўтказишда ўзбек тили методикаси соҳаси инобатга олинади.

7. “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди (129-сон, 06.03.2020 й.).

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб янги туғилган болага, Ўзбекистон фуқаросига, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсга ва хорижий фуқарога белгиланган намунадаги идентификация ID-картаси берилади.

ID-карта шахсни, фуқароликни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилади. ID-карта 10 йил муддатга берилади.

ID-карта расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизини ташкил этади (198 минг 470 сўм).

Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти, фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномаси уларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар ҳақиқийдир. Ушбу ҳужжатларнинг эгалари уларни белгиланган тартибда ID-картага алмаштириш ҳуқуқига эга.

Биометрик паспортни ID-картага алмаштириш:

2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида;

2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2030 йил
1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

8. “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (132-сон, 09.03.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади.

Мактабгача таълим вазирлигининг бу борадаги асосий вазифалари белгиланди.

9. “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (135-сон, 09.03.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ушбу ҳудуддаги боғчалар сонидан келиб чиқиб, I, II  ва III гуруҳларга ажратилади ва шу асосда мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади.

Қарор билан киритилган ўзгартиришларга асосан Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдорлари ўзгарди.

К.Реймназаров

Нукус шаҳар адлия бўлими бошлиғи

Бўлимлар