Аниқ вазифалар белгиланди – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 19 мартда «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

20 март куни Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов раислигида шаҳар ва туманлардаги 4 сектор раҳбарлари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда ушбу фармонда белгиланган вазифаларни самарали ижро этишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, аҳолининг осойишталигини ҳамда коронавирусга қарши белгиланган чора-тадбирларни сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, кундаликли ҳаётда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, дори-дармонларнинг нархлари асоссиз равишда қимматлаб кетишининг олдини олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Бу масалалар бўйича шаҳар ва туманларимизда учраётган камчиликлар танқид қилинди ва уларни тез орада бартараф этиш борасида топшириқлар берилди.

Шу билан бир қаторда, барча ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, бюджет тушумлари ва ишлаб чиқариш ҳажмининг тушиб кетишига йўл қўймаслик, ҳар бир ишлаб чиқарувчи билан мулоқот қилиб, уларнинг кундаликли муаммоларини ҳал қилиш вазифалари белгилаб олинди.

Фармондан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, саноат, инфратузилма, транспорт ва логистика, ижтимоий соҳа объектлари, савдо тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш чора-тадбирлари ижросини батафсил муҳокама қилиш ҳамда уларнинг натижаларига кўра юзага келадиган масала ва муаммолар бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг матбуот хизмати

Бўлимлар