Қорақалпоғистонлик 135 ёшдаги аёл нима учун Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмади?

Бундан нақд 5 йил олдин, яъни 2015 йил 29 март куни дунёнинг энг кекса вакили, қорақалпоғистонлик Тўти момо Юсупова 135 ёшида оламдан ўтган эди. Шу пайтда бутун дунё оммавий ахборот воситалари ушбу воқеани шов-шув қилиб ёритган бўлса ҳам марҳум юртдошимизга нимагадир Гиннеснинг рекордлар китобидан жой тегмади. 

Гиннеснинг рекордлар китобида дунёдаги энг кекса аёл сифатида франциялик Жанна Кальман эътироф этилган. У 122 ёш билан ушбу китобда кўп умр кўрувчилар рўйхатини бошлаб беради. Лекин, 135 ёш кўрган Тўти момо бу китобга киритилиши буёқда турсин, Интернетдан қидирсанг ҳам кўп маълумот чиқмайди.

Тўти момо Юсупова 1880 йил 1 июлда Россия империясининг Сирдарё вилояти Петроалександровск шаҳрида (ҳозирги Тўрткўл туманининг Шараф Рашидов қишлоғида) таваллуд топган. Миллати қорақалпоқ. У ҳаёти давомида 3 та асрни кўрган. Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларига гувоҳ бўлган. Колхозлаштириш ишларида иштирок этган. 17 ёшида турмуш қурган. Эри 1940 йилда, битта қизи эса 1941 йилда вафот этган. Баъзи маълумотларда ўғли бўлганлиги қайд этилади. Тўти момо ҳаётининг охиригача чевараси Ҳасилбек Таджибаевнинг қўлида яшаган. 55 ёшини қаршилаётган Ҳасилбек Таджибаевнинг таъкидлашича, момонинг ўғли бўлган-бўлмаганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Ўзи қизидан тарқаганмиз, дейди. 

- Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш бўйича таклифлар бўлди, — дейди Ҳасилбек Таджибоев. – Лекин, момонинг ўзига ҳам, бизга ҳам бу таклифлар маъқул келмаган. Сабаби ортиқча оворагарчиликлар онахонни чарчатиб қўйиши мумкин эди. 135 ёшига кирганида хориждан, ўзимизнинг юртдан кўп журналистлар келди. Шунинг ўзи момога анча қийин бўлган эди.

Тўти момом еттинчи авлодини кўрган дунёдаги саноқли одамлардан бири бўлди. Умумий ҳисобда унинг 500 га яқин авлодларини кўрганлиги айтилади.

Баъзи маълумотларга кўра, Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун унга масъул бўлган мутасаддилар қўлида тасдиқловчи ҳужжатлар бўлишига қарамай, момонинг ёшига шубҳа билан қараган.

Унинг ёшига илк бор партия фаоллари эътибор қаратган ва оммавий ахборот воситаларига маълум қилган. Кейинчалик у 100 ёшдан ўтган киши сифатида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Тўти Юсупова ҳақида Би-би-си телеканали ҳужжатли фильм тайёрлаган. “Қорақалпоқфильм” ҳам 2010 йилда “Уч асрнинг гувоҳи” номли ҳужжатли фильмни яратган. 

Айни пайтда Эронда 103 ва Италия 102 ёшдаги қарияларнинг коронавирус касаллигидан тузалиб кетганлиги катта шов-шувларга сабабчи бўлмоқда. Эътиборли жиҳати, ҳаётининг сўнгги дамларида уйига шифокорлар келиб қон босимини ўлчаб кетгани бўлмаса, Тўти момо ҳаётида бирон маротаба ҳам касалхонага бормаган. 

Тўти момо Юсупова 2015 йил 29 март куни вафот этганида уни актриса билан чалкаштирганлар ҳам бўлди.

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА

Бўлимлар