Хўжайли туман Мажбурий ижро бюросининг асоссиз қарори бекор бўлди

Фуқаро Г.М. Хўжайли туман мактабгача таълим бўлимида ишлайди. Унга Хўжайли туман мажбурий ижро бюроси томонидан маъмурий жарима қўлланилган. Аммо фуқаро бундан норози бўлиб вазирликка мурожаат йўллайди. Мурожаат ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг қарздорлар З.Ж ва У.М.лардан ундирувчи АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Тахиатош тумани филиали фойдасига солидар тартибда 5.272.000 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мажбурий ижро бюроси Хўжайли тумани бўлимига келиб тушган.
Қарздор У.М. Хўжайли туман мактабгача таълим бўлимида ишлаганлиги сабабли, мажбурий ижро бюроси Хўжайли тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан У.М. ишлайдиган ишхонага қарздорликни тўлиқ қарздор У.М.нинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида талабнома юборилган.
Лекин туман мактабгача таълим бўлими томонидан қарздор У.М.нинг иш ҳақидан мазкур қарздорликни тўлиқ ушлаб қолиш имкони йўқлиги билдирилиб, талабномани ижро этиш рад этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан давлат ижрочиси томонидан Хўжайли туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Г.М.га нисбатан 3.345.000 сўм маъмурий жарима жазоси қўллаш тўғрисида қарор чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 86-моддасида давлат ижрочисининг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузилмаган ҳолда чиқариши белгиланган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 283-моддасида агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жариманинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан ошмаса, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди, деб белгиланган.
Башарти, фуқаро ўзига солинадиган жаримага эътироз билдирса, у ҳолда ушбу кодекснинг 279-моддасига мувофиқ баённома тузилади, деб кўрсатилган.
Аммо мажбурий ижро бюроси Хўжайли тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан фуқаро Г.М.нинг содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътирози борлигига эътибор қаратмасдан, унга нисбатан 3.345.000 сўм маъмурий жарима жазоси қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган.
Бундан ташқари, мажбурий ижро бюроси Хўжайли тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан фуқаро Г.М.ни кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва бурчлари билан таништирмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс ҳуқуқларининг бузилиши маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш учун асос бўлади, деб кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан, вазирлик томонидан мажбурий ижро бюроси Хўжайли тумани бўлимининг фуқаро Г.М.га нисбатан 3.345.000 сўм маъмурий жарима жазоси қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш тўғрисида Хўжайли тумани маъмурий судига шикоят аризаси киритилди. Шикоят ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, тўлиғича қаноатлантирилди.

Есенгелди Утепов,
Қорақалпоғистон Республикаси 
Адлия вазирлиги масъул ходими

Бўлимлар