Жўрабек учун қўшиқ айтиш хобби. Гулнигарга Гулсанам Мамазоитова телефонда қўшиқ айтишни ўргатган

“Нукус ФМ” радиосида “5х5” эшиттиришида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Гулнигар Сапаева ва қорақалпоқ эстрадаси вакили Жўрабек Ражабовлар меҳмон бўлишди. Хонандалар эшиттиришнинг биринчи бўлимида бошловчилар Фурқат Юсупов ҳамда Шахзада Базарбаеванинг саволларига жавоб қайтаришди.

Фурқат: Биламизки Гулнигар ва Жўрабек жудаям кўп дуэтлар айтишган. Бунинг сабаби нимада? Балки биргаликда гуруҳ ташкил қиларсизлар? Бу режада борми?

Гулнигар: Биз ижодимизни алоҳида ижодкор сифатида бошлаганимиз. Лекин гуруҳ бўлиш фикри ҳам бор эди. Устозларимиз билан маслаҳтлашганимизда бизга алоҳида ижод қилаверинглар деб айтишган. Биз гуруҳ эмасмиз. Шунчаки биринчи дуэтимиз омадли чиққани учун, мухлисларимизни талабига биноан яна дуэт қўшиқлар куйлашни давом этганмиз.

Шахзада: Қорақапоқ эстрадаси сиз учун нима?

Жўрабек: Қорақалпоқ эстрадаси мен учун хобби. Бўш вақтларимда ижод қиламан.

Гулнигар: Санъат бу менинг ҳаётим.

Фурқат: Демак, Жўрабек санъатни хобби сифатида тан оласиз, яъни қўшиқ куйлашга жиддий эътибор бермайсиз, шунақами?

Жўрабек: Ҳудди шундай.
 

Фурқат: Навбатдаги саволим ҳам сизга Жўрабек. Биламизки сиз асли Бухороликсиз, қорақалпоқча қўшиқлар ижро этиш сизга қийинчиликлар туғдирмайдими?

Жўрабек: Албатта қийинчиликлар туғдиради. Қорақалпоғистонга биринчи марта келганимда, санъат соҳасида ДЖ Миран, Қуват Аметов сингари санъаткорларга ҳавас қилганман. Шу боис ҳам санъат оламига кириб келганман.

Шахзада: Қорақалпоқ эстрадасини кимсиз ёки кимларсиз кўз олдингизга келтира олмайсиз?

Жўрабек: Қорақалпоқ эстрадасини устозларим Махсет Утемуратов ва Қуват Аметов, дўстларим Байрам Пердебаев, Дастан ва Тимурсиз тасаввур эта олмайман.

Гулнигар: Мана яқинда Арисланбек Асқаров, Баҳадир Разимбетов ўзларининг яккахон концерт дастурларини беришади. Уларнинг ҳам ижодларини ҳурмат қиламиз. Ростини айтсам раҳматли устозим Рашид Хўжасовсиз қорақалпоқ эстрадасини тасаввур эта олмасдим. У билан дуэт куйлаш ниятим ҳам бор эди. Афсуски насиб этмаган экан. Ҳозирда уларнинг укаси, мен учун ҳам ака, ҳам устоз Махсет Хўжасовнинг ҳам ижодини хурмат қиламан.

Фурқат: Демак, у билан дуэт айтиш ниятингиз бор…

Гулнигар: Агар Махсет ака таклиф қилсалар, албатта айтамиз.

Фурқат: Гулнигар 21 ёшингизда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонини олдингиз. Айрим санъаткорлар бу унвонни 35-40 ёшларида олишмоқда. Хўш бу қадар эрта муваффақиятга эришишингизни кутганмидингиз?

Гулнигар: Йўқ, кутмаганман. Лекин орзу ва ният қилардим. Отам Рўзимбай Сапаев Отажон Худойшукуровнинг шогирди бўлганлар. Отам айтардилар Отажон Худойшукуров 23 ёшида халқ артисти унвони олган деб. Кичкиналигимда қанийди мен ҳам шундай ёш пайтимда бирор нарсага эришсам деб орзу қилардим. Худога шукрки шу кунларга ҳам етдим ва бундан фақатгина хурсандман.

Фурқат: Гулнигар ҳали бу унвонга лойиқ эмас, унга бироз эртароқ эди дея фикрловчилар ҳам йўқ эмас. Бунга муносабатингиз қандай?

Гулнигар: Бу фикрларни ўзимга ҳам айтишган. Унвонни олган пайтимда ҳамма санъаткорлар табриклашган. Лекин табрикдан кўра танқидлар кўпроқ бўлган. Юзимга шартта айтганлар ҳам кўп бўлди. Ўша гаплардан кейин шу даражада кайфиятим бўлмай икки кун давомида уйдан ҳеч қаерга чиқмаганман. Лекин давлатимиз мени шу унвонга лойиқ кўрган экан, бу унвонни оқлашга ҳаракат қиламан. Устозим Гулхатиша Айимбетова ўша пайтлари менга тасалли берган эди: “Бу ҳали сени олдинда қиладиган ишларинг учун совға тариқасида берилди. Бу гаплардан хафа бўлмагин”, дедилар.
 

Фурқат: Демак, танқидларни яхши қабул қила оласиз…

Гулнигар: Албатта, оиламизда тарбия шунақа. Ота-онам биров сени танқид қилса, ёки камчилигингни айтса, ундан хафа бўлма, у сенинг яқининг, сенга дўстларгина шунақа ачитиб гапиришади. Камчилигингни шулар орқали тўғирла дейишган. Ўзим ҳам дўстларимга менда камчилик бўлса сизлар айтинглар, мен бошқалардан эшитмай дейман. Танқидни ёмон қабул қилмайман.
 

Шахзада: Жўрабек нима учун катта саҳналарда кўринмайсиз? Масалан Гулнигар ҳамиша байрам тадбирларида саҳнада чиқиш қилади. Сиз эса аксинча.

Жўрабек: Асосан вақтим ўқишда ва тижорат ишларида ўтиши боис, саҳналарда кам кўринсам керак.

Шахзада: Саҳнада кўриниш беришни хоҳласангиз керак?

Жўрабек: Албатта, хоҳлайман. Лекин менда вақт масаласи муаммо.
 

Фурқат: Биласизми, ҳар сафардан эфирдан олдин танишларим бус афар ким меҳмон бўлади деб сўрашади. Мен уларга Жўрабек ва Гулнигар деб айтганимда, битта танишим Жўрабек Ражабов танқидни кўтара олмайди деди. Бу гап ҳақиқатми ёки ёлғонми?

Жўрабек: Танқидни кўтара олмаслигим ҳақиқат.

Фурқат: Майли унда сизни танқид қилмайман, лекин шунга яқин савол бераман. Репертуарингизга мурожаат қилсак, айрим плагиат қўшиқлар мавжуд.

Жўрабек: Плагиатлик бир менда эмас, бошқа санъаткорларда ҳам бўлади. Ўзимга бирорта қўшиқ ёқса, ўшани бошқачароқ қилиб айтишга ҳаракат қиламан.
 

Шахзада: Эстрадамиз ривожига қанчалик даражада ҳисса қўша олдик деб ҳисоблайсизлар?

Гулнигар: Билмасам. Бу саволга фақатгина мухлисларимиз жавоб бериши мумкин.

Жўрабек: Гулнигарнинг гапига қўшиламан.
 

Фурқат: Гулнигар сизни кўпгина байрам ва таднирларда Гулсанам Мамазоитованинг қўшиқларини ижро этишингизга гувоҳ бўламиз. Бу ўзингизга ёқадими ёки режиссёрлар сиздан айнан шуни талаб қилишяптими?

Гулнигар: Кўпчилик билса керак, санъаткорлар оиласида туғилганман. Мактабда ўқиб юрган кезларим онатили ва адабиёт фанидан ўқитувчи бўламан деб ният қилардим. Гулсанам Мамазоитова қўшиқ айта бошлаганидан сўнг, мен уларга хавас қила бошладим. Айнан у сабабли ҳам шу касбни танладим. Гулсанам опага хавас қилганим учун ҳам, у инсоннинг қўшиқларини айтиб саҳнага чиқа бошладим. Ўйлайманки, унинг қўшиқларини айтиб кам бўлмадим.

Фурқат: Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган иккала артистнинг дуэт айтиш нияти борми?

Гулнигар: Албатта, худо хоҳласа кейинг йилга ўзимни яккахон концертимни режалаштирмоқдаман. Отам билан дуэт айтишни ният қилганман. Оиламизда акам ҳам қўшиқ айтадилар. Бироқ ҳозирда улар шахмат бўйича мураббий бўлиб фаолият юритмоқдалар. Насиб қилса оилавий ҳам дуэт айтиш ниятим йўқ эмас.

Фурқат: Гулсанам Мамазаитованинг ўзи биланчи?

Гулнигар: Бу ҳақда Гулсанам опа билан ҳам гаплашганмиз. Улар менга ҳар доим маслаҳатларини бериб турадилар. Хаттоки телефонда қўшиқ ўргатган пайтлари ҳам бўлган. Насиб қилса, Тошкентга борганимда бирга дуэт айтамиз.
 

Шахзада: Қайси қўшиғингизни хит бўлади деб ўйлагансиз-у, бироқ у хит даражасига кўтарилмаган?

Жўрабек: Бирорта ҳам қўшиғимни хит бўлади деб ўйламайман.

Гулнигар: Лекин ният қиламиз. Ҳар бир санъаткор янги ашула айтганида мана шу қўшиғим халқимизнинг кўнглидан жой олсин дея ният қилади. Биз “Сени деб” деб номланган қўшиғимиз хит бўлишини кутмагандик.

Жўрабек: “Онажон” деб номланган қўшиғимни қандай қабул қиларканлар деб ўйлардим. Кўпчилик шу қўшиққа ижобий фикрлар билдирди.
 

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар