Қўнғиротлик талабаларни ўйлантирадиган масала. Нега Нукус-Қўнғирот йўналишига автобус қўйилмаган?

"Қарақалпақстан жаслари" газетасида талаба Дариға Аблаева Нукус-Қўнғирот йўналишига автобус қўйилмаганини ва ушбуйўналиш бўйича автобус қатновини йўлга қўйиш ҳақида фикр билдириб ўтган.

"Нукус - Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти. Шунинг учун бу шаҳардан Республика ҳудудидаги барча туманларга махсус автобуслар юради. Масалан шимолий авто вокзалдадан Кегайли, Халқабад, Чимбай, Қараўзак ва Тахтакўпирга, эски шаҳардан эса Хўжайли, Шўманай, Қанликўл, Мўйноқ ва Нукус туманларига автобус қўйилган. Бироқ Нукусдан Қўнғиротга қатновчи автобусларни учратиш қийин", дейди муаллиф.

Шунингдек, мақолада ҚДУ талабаси Э.Қалмағамбетованинг фикрлари ҳам келтирилган. У шундай дейди: "Мен уйга Қўнғиротга қайтадиган бўлсам, кўпинча такси ҳайдовчиларига дуч келаман. Нукусдан Қўнғиротга автобус бор эканлигини эшитаман. Бироқ, қачон келиб, қачон кетиши бизга номаълум. Қўнғирот тумани автовокзалида ёки Нукус темир йўл вокзалида, яъни автобус тураргоҳида транспортнинг қатнайдиган вақти кўрсатилмаган. Автобусни кутиб вақтимни ҳам йўқотаман. Шу боис такси билан қайтишга мажбур бўламан. Ҳайдовчилар йўл ҳақи нархи 20 минг сўм эканини айтишади. Агарда, арзонлатадиган бўлса ҳам 17-18 минг сўмни ташкил этади. Мободо қор ёғадиган бўлса 25 минг сўмга кўтарилиб кетади. Таксиларни баҳоси нега қиммат десак: "Бугун Нукусдан талабалар қайтадиган кун ёки бугун Қўнғиротдан талабалар қайтадиган кун" деб жавоб беради. Уларнинг бу жавобидан ўзимни ҳаражати кўп ишбилармондек сезиб кетаман".

Мақола муаллифи, бу масала уни ёки Э.Келмағамбетованигина эмас, бутун қўнғиротлик талабаларни ўйлантириб юрган масала эканини таъкидлаб ўтган. Шунингдек муаллиф, автобуслар шанба ёки якшанба ва бошқа дам олиш кунлари бир марта қатнаб қўймай, 2-3 рейс қатнашини таклиф қилган. Агар Қўнғирот-Нукус автобусининг қатнови яхши йўлга қойилса, талабаларнинг ҳаражати тежалган бўларди дея фикрларини якунлаган муаллиф.


 

Бўлимлар