Амударёлик тадбиркор Азамат Рейимов қурилиш моллари ишлаб чиқарувчи цехи ҳақида нима дейди?

Амударё туманида яшовчи тадбиркор Азамат Рейимов "Тараққиёт кўзгуси"га тадбиркорлик фаолиятини қай тарзда бошлагани ва айни пайтда қандай фаолият юритаётгани ҳақида сўзлаб берди.

"Тадбиркорларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мен ҳам 2007 йилда қурилиш моллари ишлаб чиқарувчи "Арслонбек-Асилбек" маъсулияти чекланган жамиятини ташкил этдим.

Ҳозирги кунгача цехимизда қурилиш учун рубероит ишлаб чиқаряпмиз. Бизнинг цехимизда ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги сабабли мазкур маҳсулот нархи туманимизда кескин пасайди.

Маҳсулотга эҳтиёж кўплигини эътиборга олиб, 6 нафар ишчини ишга қабул қилиб, фаолият юритяпмиз. Ҳозир туманимиз қурилиш ташкилотлари ва якка тартибда уй-жой қурувчилардан ташқари Қорақалпоғистон Республикасининг 90 фоиз рубероитга бўлган талабини қоплайдиган миқдорда маҳсулот ишлаб чиқаришга эришяпмиз.

Фаолиятимизни 70 млн.сўмлик кредит билан бошлаган бўлсак, қарзимизни аллақачон уздик, ишчиларимизнинг иш ҳақларини, турли солиқ тўловларини ва сарфланган электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаб боряпмиз.

Ўтган йили цехимизда 526 млн.сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлсак, жорий йилнинг 11 ойи давомида 700 млн.сўмдан зиёд маҳсулот етказиб бердик.

Маҳсулотларимизни харидорларга етказиб беришни яхшилаш, йўл транспорт ҳаражатларини қисқартириш учун ўз маблағимиз ва кредит ҳисобига "Isuzi" юк автомашинасини сотиб олдик", дейди тадбиркор.

Бўлимлар