Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида “Ассалом, Янги йил” спектакли намойиш этилмоқда

Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри ижодий жамоаси болалар учун “Ассалом, Янги йил” спектаклини намойиш этмоқда.

Қорбобо ва Қорқиз, турли ҳайвонлар иштирокидаги саргузаштларга бой Янги йил воқеалари болажонларда катта таассурот қолдирмоқда. Масхарабозларнинг чиқиши, жозибали рақслар ва шўх куй-қўшиқлар Янги йил базмига янада завқ бағишлайди.

Спектакль муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёри М.Бегимов, қўғирчоқларни актёрлар Ш.Алламбергенов, Г.Исаева, П.Қулимов, У.Узоқбоева ва бошқалар "жонлантирган".

Чорак асрдан буён болаларга қувонч улашиб келаётган театр жамоаси учун 2016 йил сермаҳсул бўлди. Театр ўзининг янги биносига эга бўлди. Жамоага кўплаб истеъдодли ёшлар келиб қўшилди. Янги саҳна асарлари жажжи томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

– 2016 йилда театримиз репертуари “Гулда булбул сайрайди”, “Мен ўзимга дўст топдим”, “Ўғрилик сўнги хўрлик” каби янги спектакллар билан бойиди, –дейди театр директори Пўлат Айтмуратов.

Болалар учун Янги йил байрами совғаси сифатида тақдим этилган ушбу саҳна асари 2017 йил 12 январга қадар намойиш этилади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар