Элликқалъа туманида янги китоб дўкони фойдаланишга топширилди

Янги йил байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа тумани марказида янги китоб дўкони фойдаланишга топширилди.

“Билим-сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан очилган масканда 5 минг 500 дан зиёд турли китоблар савдоси йўлга қўйилди. Дўконда ташкил этилган “Электрон кутубхона” ва “Компьютер ўқуви” хоналари айниқса ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– “Электрон кутубхона”мизда 10 мингга яқин китобларнинг электрон ва аудио версиялари тақдим этилмоқда, – дейди “Билим-сервис” масъулияти чекланган жамияти раиси Б.Қурбонбоев. – Дўкон тижорат банкидан олинган 180 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи эвазига бунёд этилди. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш ва бу ерни “Китоб олами”га айлантиришни режалаштирганмиз.

Китобхонлар “Болалар учун эртаклар”, “Абитуриентларга ёрдам”, “Жаҳон адабиёти дурдоналари”, “Ўзбек адабиёти намуналари”, “Методик қўлланмалар” бўлимларидан ўзи истаган китобни сотиб олиши мумкин. Дўконда ўқув ва идора иш қуроллари савдоси ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда 12 нафар ёш иш билан таъминланди.

Туманнинг “Тупроққалъа” ва “Қаватқалъа” маҳалла фуқаролар йиғинларининг маъмурий бинолари, Гулдурсин овулида “Савдо маркази” фойдаланишга топширилгани ҳам аҳоли учун Янги йил совғаси бўлди.

Манба:ЎзА

Бўлимлар