Қорақалпоғистонда 300 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшилди

Нукусда қишлоқ хўжалиги соҳаси фидоийлари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги меҳнат илғорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳосилдорликнинг ортиши кўп жиҳатдан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва сувдан оқилона фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йилларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида галдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида самарали ишлар амалга оширилди.

Бу борада белгиланган давлат Дастурига мувофиқ 12 лойиҳа бўйича жами 15 миллиард сўмдан зиёд ишлар бажарилди. Хусусан, 112 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган бўлса, 1 минг 989 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида таъмирлаш, 31 километр каналларда реконструкция ишлари олиб борилди. Бунинг натижасида 300 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, зироатлик сезиларли даражада ортди.

Бу ишларга салмоқли улуш қўшаётган соҳа фидоийлари, меҳнат илғорларидан бир гуруҳи муносиб тақдирланди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев сўзга чиқди.

Илғорларни тақдирлаш маросими Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Ўз мухбиримиздан.

Бўлимлар