Юморбек фарзандлари, кинода рол ижро этиши, танқидлар ва тўйбошловчилиги ҳақида (Интервью)

“Нукус ФМ” радиосида “5х5” эшиттиришининг навбатдаги меҳмони юмор устаси Юморбек бўлди. Асли исми-шарифи Махсет Абдижамилов бўлган қизиқчи эшиттиришнинг иккинчи бўлимида бошловчилар Фурқат Юсупов ҳамда Шахзада Базарбаеванинг саволларига жавоб қайтарди.

1. Шахзада: Ёмғирни ёмон кўрсангиз керак?

- Аслида ёмғирни яхши кўраман. Чунки кайфиятим кўтарилади. Шуни кўп айтганим учун ҳам ҳар сафарги концертларимда ёмғир ёғса керак.

2. Фурқат: Инқирозга учраган пайтингиз сизга нима куч бағишлайди?

- Фарзандларим. Мен олийгоҳда геоографияни 4 йил ўқиган бўлсам ҳам ўқитувчилик давримда кўпроқ нарса ўргандим. Яъни инсон ўргатаётганда ўзи ҳам кўпроқ нарса ўрганади. Фарзандларга қандай кайфиятда келишинг қизиқ эмас. Уларга ўйин керак. Фарзанларим билан ўйнаганда чарчоқлар чиқиб кетади.

3. Шахзада: Фарзанд ота-онасига қараб ўсади дейишади. Сиз савол берсангиз, болаларингиз ҳам хазил тариқасида жавоб қайтаришса керак?

- Албатта. Катта қизим 4-синфда ўқийди. Уйга келсам: “Дада, бугун мен синфимдагиларни кулдирдим”, дейди.

4. Фурқат: Болливуд қироли Шохруххонга “Нимани сотиб олишдан ҳеч қачон чарчамайсиз”, дейишганида, у “Фарзандларимга совға сотиб олишдан чарчамайман” деган экан. Юморбек нимани сотиб олишдан чарчамайди?

- Мен кўпроқ ширин нарсаларни сотиб олишни яхши кўраман.

5. Шахзада: Кинода рол ижро этиш ниятингиз борми?

- Жон жон деб ўйнардим. Агар сценарий ўзимга ёқса ёки ўзим ёзсам. Таклифлар бўляпти, сценарий ёз деган.

6. Фурқат: Сизни қандай эслаб қолишларини хоҳлайсиз?

- Меними?

Фурқат: Ҳа, 20-30 йилдан кейин…

- Мен бир нарсадан хурсандман, шу соҳада юриб концерт ёки байрамлардан кўра тўйларда кўп юрганман. Мақтаниб айта оламан 20-30 йилдан кейин ҳозирги турмуш қураётган ёшлар ўзларининг тўйларини видеотасмасини кўришганида , Юморбек деган бошловчи деб эслашларига ишонаман.

Фурқат: Демак, кўпроқ тўй бошловчиси сифатида эслашларини истайсиз, шунақами?

- 20-30 йилдан кейин шунақа бўлса керак деб ўйлайман. 35-40 йилдан сўнг эса у ҳақиқий юморчи деб эслашса керак.

7. Фурқат: Ҳаётингиздаги энг эсда қоларли телефон қўнғироғи…

- Чет элда юрган пайтимда.

Фурқат: Демак яхши янгилик эшитгансиз?

- Йўқ, шунчаки хол-аҳвол сўраб телефон қилганди.

Фурқат: Ким?

- Фарзандларимнинг онаси. У пайтда бўйдоқ эдим.

8. Фурқат: Ўзингиз ҳақингизда эшитган энг ёмон гап?

- Танқидни кўтариш осон эмас. Мен билан бирга ишлашиб юрадиган оператор “Юморбек сен тўйларда тинч ўтиринглар деб кўп айтасан”, деди. Шу гапдан сўнг яхши хулоса қилиб, бу гапдан кам фойдаланишга ҳаракат қилганман.

9. Шахзада: Афишаларингизга қарайдиган бўлсак, расмингизда ясама кулгига гувоҳ бўлдик.

- Ростини айтсам, расмга тушиш жуда қийин бўлди.

10. Шахзада: нега энди, ўзингиз инсонларни кулдиргандан кейин, табиий ҳолда кулишингиз керак эмасми?

- Машҳур педагогнинг ўғли шўхлик қилиб қўйганида, ундан сиз қандай педагогсиз ўзи, ўғлингизни тарбиялай олмасангиз деб сўрашган экан. У шунда “Педагогика, ўз фарзандингни эмас, халқнинг фарзандларини тарбиялаш ҳақидаги илм” деган экан. Юмор ҳам шунақа. Халқни кулдириш керак.
 

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар