Муяссар Раззоқова билан интервью

Миллий опера санъатимиз юлдузи, Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқовани юртимизда ҳам, хорижда ҳам жуда яхши биладилар, ижросини севиб тинглайдилар. Яқинда санъаткор мухлислар эътиборига ҳавола этган “Мафтункор опера баҳори” деб номланган концерт дастури фикримиз далилидир. Опера санъати ихлосмандлари икки кун давомида севимли хонанда ижросида ўзбек ва европа опера дурдоналаридан ариялар, қўшиқ ва романслар тинглашга муваффақ бўлишди. Мазкур концерт, опера санъатининг бугунги қиёфаси ва келажаги ҳақидаги таниқли санъаткор билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

— Муяссархон, аввало, концерт муваффақиятли ўтгани билан табриклайман. Янглишмасам, юртимиз опера хонандаларидан фақат сиз алоҳида концерт дастури билан мухлислар олдида ҳисобот бериб турасиз. Энг сўнгги якка дастурингиз қачон бўлганди?

— Бундан олдинги яккахон концертим 2012 йили бўлиб ўтган. Мана, бу йил яна опера санъати мухлислари билан юзма-юз учрашдим. Аввало, ушбу концертим мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида ўтаётгани учун дастур устида жиддий ишладим, қўшиқларни ҳам ўзим жойлаштирдим. Қолаверса, бу гал концерт икки кун давом этди ва халқаро миқёсда ташкил этилди. Таниқли италян композитори ва дирижёри Жерардо Колелла ҳамда Шимолий ва Жанубий Осетия халқ артисти, кўплаб халқаро мукофотлар совриндори Вероника Джиоева билан бир саҳнада концерт беришимиз ўзим учун ҳам, мухлислар учун ҳам ёқимли бўлди, назаримда. Айниқса, италян дирижёрининг таёқчани ниҳоятда енгил, айни пайтда юксак профессионал савияда ишлатиши ҳеч бир қийналмай куйлашимга шароит яратди. Агар дирижёр зўр бўлса, хонанда оркестр ҳақида ўйламай, фақат ижро ҳақида ўйлайди, овоз ҳам ўз-ўзидан жойига тушиб кетаверади.

Нокамтарликка йўймангу, опера хонандасининг кетма-кет икки кун куйлаши дунё амалиётида деярли учрамайдиган ҳодиса. Мен эса таваккал қилдим. Операда жонли ижро этиш осон эмас. Ҳатто бу ҳақда Вероника ҳам гапирди. “Муяссар, бекор кетма-кет икки кун концерт қўйибсан. Ахир, овозинг чарчаб, куйлолмай қолсанг нима бўлади?”, деди у ҳаяжонланиб. Шукрки, ҳар қандай чўчишлар ортда қолди, концерт, назаримда, ёмон ўтмади.

Эътибор берган бўлсангиз, олдинги концертим билан бу йилгиси орасида тўрт йил фарқ бор. Аслида ҳам хонанда ҳар йили концерт бериши шарт эмас, деб ўйлайман. Чунки якка концертнинг 60-70 фоизи, албатта, янги асарлардан иборат бўлиши керак. Ваҳоланки, бир йил оралиғида бундай янги репертуар қилиб бўлмайди. Яхши асар ҳар куни туғилавермайди.

— Сир эмас, бугунги ўзбек опера санъатида ёшлар анча кучайиб қолди. Бир қатор ёш истеъдодлар халқаро танловлардан совриндор бўлиб қайтишяпти. Назаримда, опера санъатига қизиқувчилар ҳам кўпайиб, улар орасида ёшлар салмоқли ўрин эгаллаяпти.

— Бу, биринчи навбатда, давлатимизнинг, Президентимизнинг шу соҳага қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги ва яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар самараси. Қаранг, фақат баҳор ойининг ўзида иккита катта тадбир — Назира Аҳмедова номидаги опера хонандалари танлови ва “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочилари кўрик-фестивали бўлиб ўтди. Ҳар икки тадбир ҳам ўзбек опера санъатининг келажаги ишончли қўлларда эканини намоён этди. Айниқса, Хўжаназар Жумаев, Шуҳрат Чориев, Бирдона Маткаримова, Улуғбек Тожиматов, Султонбек Абдураҳимов каби ёш ижрочиларнинг чиқишларидан кўнглим тўлди. Улар бемалол чет элларда ўзбек опера санъати имкониятларини кўз-кўз қила оладилар, деб ўйлайман.

Шу ўринда баъзи истакларни айтиб ўтмоқчи эдим. Назира Аҳмедова хотирасига бағишлаб ўтказилган танлов уч турдан иборат бўлиб, охирги турда хонандалар оркестр жўрлигида ижро этишди ва ғолибларни аниқлаш қийинчилик туғдирмади. “Ёшлик баҳори” эса битта турдан иборат бўлиб қолди, оркестр қатнашмади. Бундай шароитда ҳақиқий овозни ажратиб олишда бироз мураккаб вазият вужудга келади. Биз истасак-истамасак, ҳақиқий ижро фақат оркестр билан куйлаганда намоён бўлади. Шунингдек, “Ёшлик баҳори”ни 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган истеъдод соҳиблари орасида ўтказсак, тўғрироқ бўлармиди… Чунки йигирма беш ёшдан ошганлар аллақачон иш фаолиятини бошлаган, илгари ҳам бу каби танловларда имкониятини синаб кўрган. Улар имкониятига қараб халқаро танловларда қатнашгани маъқул. Албатта, ҳар қандай тадбирнинг йилдан-йилга такомиллашиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, камчиликларимиздан хулоса чиқариб, фаолиятимизни янада мукаммаллаштириш учун вақт ҳам, имконият ҳам етарли. Зеро, ҳар қандай танловдан асосий мақсад янги қиёфалар, янги ва ноёб овозларни кашф этишдир.

— Сиз 2014 йилдан буён консерваториянинг академик хонандалик кафедрасини бошқариб, талабаларга куйлаш сир-асрорини ўргатиб келасиз. Педагоглик ва ижодий фаолиятни биргаликда олиб бориш қийинчилик туғдирмаяптими? Ҳақиқий опера хонандаси бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?

— Аксинча, ёшлар билан ишлаш менга илҳом бағишлаяпти. Айниқса, операни астойдил севадиган, Оллоҳ берган овоз имкониятлари катта бўлган истеъдодлар билан ишласам, завқ-шавққа тўламан, ўзбек операси келажагидан кўнглим тўқлиги ортади. Лекин академик хонандаликка қадам қўяётган ижрочилар билан ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Умуман, профессионал опера хонандасини тайёрлаш ниҳоятда нозик ва мураккаб жараён. Баъзан бошида яхши овоз билан келганлар охирида опера куйлашга ярамай қолиши ҳам мумкин. Ёки аксинча ҳолатлар ҳам кузатилади. Шубҳасиз, бу мураббийга боғлиқ. Ҳар бир устоз шогирдига овозидан тўғри фойдаланиш йўлларини ўргатиши керак. Баъзилар опера айтиш учун баланд овознинг ўзи етарли, деб ўйлайди. Лекин бу жуда нотўғри фикр. Ҳамма ҳам бақиришни билади. Операда эса баланд нотани фақат бақириш билан олиб бўлмайди. Шунинг учун бўлажак хонандаларда, биринчи навбатда, санъаткорона дидни тарбиялашимиз керак.

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим. Албатта, ҳар қандай соҳани мукаммал эгаллаш учун изланиш ва меҳнат қилиш талаб этилади. Лекин профессионал опера хонандаси бўлиш учун ниҳоятда машаққатли изланишлар, тинимсиз машқлар зарур. Юқорида опера хонандаларининг якка концерт беришлари ҳақида гапиргандик. Бунинг биринчи мураккаблиги шундаки, операда фонограмма билан томошабин олдига чиқиб бўлмайди. Демак, концерт бермоқчи бўлган одам ўнлаб опералардаги арияларни ёддан билиши, бундан ташқари ўзбек композиторларининг асарларини, романсларини куйлаши керак. Ана шунинг уддасидан чиқа оладиган одам якка дастур тайёрлаши мумкин. Шундай ишларга қодир шогирдлар етиштириш бизнинг бурчимиз.

Бундан буёғига фақат эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмай, совриндорларимиз чет эллардаги нуфузли опера театрлари билан ҳамкорлик шартномалари тузишлари, ёшлар, айниқса, ҳар бир муваффақиятини янгиси билан мустаҳкамлаб бориши керак. Ҳозир опера санъатимиз ютуқлари кам эмас, келажакда ундан ҳам юқори натижаларга эришишимизга ишонаман. Ёшларнинг “Опера хонандаси бўламан”, деб ўз оёғи билан ўқув даргоҳларига кириб келаётгани шундан далолат бериб турибди. Улар орасида вилоятлардан келаётган иқтидорли ёшлар кўплигини айтмайсизми!

Етишиб келаётган профессионал кадрларга кенг йўл очиш учун фақат пойтахтда эмас, баъзи вилоятларимиз марказларида ҳам опера театрлари, театр-студиялар очиш ҳақида ўйлаб кўриш керак.

Ўзимга келсак, театримиз навбатдаги мавсумда “Дилором” операсини қайта саҳналаштиришини, унда асосий образни ижро этишни истайман. Жаҳон дурдоналаридан машҳур композитор Беллинининг “Сомнамбула” (“Ойпараст”) операсида бош партияни ижро этишни орзу қиламан. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, саломатлик бўлса, ниятларимиз, албатта, ижобат бўлгай.


Гулчеҳра УМАРОВА суҳбатлашди
Манба: Ellikqala.uz

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар