Отажон Худойшукуров ҳақида Абдулла Орипов, Саид Аҳмад, Ибрайим Юсупов, Ортиқ Отажонов ва Муяссар Раззақованинг фикрлари

Элликқалъа тумани ҳокимлиги расмий веб сайти Отажон Худойшукуровни эслаб унинг номи илиқ фикрлар билдирган шахсларнинг иқтибосларини келтириб ўтди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов:- Отажон Худойшукуров ўзи яратган қўшиқларида ҳам ёхуд мумтоз қўшиқларни қайта ижро этганида ҳам ўзига хосликка доими риоя қилар эди. Яъни, адабиёт сўзи билан айтганда у мутлақо тақлидчи эмас эди. Шу боис ҳам улуғ санъаткор қўшиқчилик санъатида бетакрор мактаб яратиб кетди. Бунга шубҳа йўқ.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад:- Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Хоразмга ижодий сафарга борганмиз. Учрашувлардан бирида Отажон Худойшукуров қатнашди. Мен санъаткорга бўлган бундай олқишни кўрмаганман. Халқ уни ниҳоятда яхши кўрар ва ҳурматини бениҳоя жойига қўяр экан. Шундай бетакрор овоз соҳибини севмай, у билан фахрланмай бўладими?.. 

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Ибрайим Юсупов:- Отажоннинг ишқ-муҳаббат, севги ва вафо, садоқат ва дўстлик, она юрт ҳақидаги қўшиқларини ҳар гал тинглаганингда дунёга янги келгандек, янгидан оламни кашф этгандек бўласан киши. Гўё юрагингда муҳаббат ҳисси энди ниш ураётгаендек, кўнглинг ана шу сехрли туйғуларга ҳамоҳанг бир ҳамроз топгандек ҳис қиласан ўзингни. Яна бир гап: Ўрта Осиёда унинг булбулдай овози ҳаммага бирдек таниш ва қадрдон эди. Асрлар давомида шундай бўлиб қолади...

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов:- Отажон Худойшукуров айниқса, Хоразм классик қўшиқларига, сувворалар, савти суввораларга ярашадиган юксак авжлар киритди, айниқса “Катта суворага” ўлмайдиган умр бағишлаб ижро қилди. Отажон Худойшукуров оддий, камтар, юрагида кири, адовати йўқ, беғараз, худо берган, хушнафас ҳақиқий ҳофиз эди. Қўшиқсевар халқимизнинг хонадонларида Отажон ҳали тирикдай – қўшиқлари ҳамон янграб турибди. Бу унинг қўшиқлари умрибоқийлигининг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззақова:- Бизнинг ўспиринлик давримиз Отажон Худойшукуровнинг айни етук камолот чўққисига эришган даврларга тўғри келган. Мўъжиза шундаки, унинг овози бир неча бор тиббий аралашувлардан кейин ҳам мутлақо заха кўрмаган, аксинча овозининг пастки ва юқори кўламлари туғма қандай бўлса, шундай сақланиб қолган. Отажон Худойшукуровни катта опера қўшиқчиларига ўхшатаман. Агар у опера қўшиқчиси бўлганида Лучано Паворотти албатта унга тан бериб, чин дилдан қутлашига ишонардим.

(Давоми бор)
Маълумотлар Ашурали Жўраевнинг “Эсар Жайҳун шамоллари” китобидан олинди.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар