АПЛда энг кўп ишлаган 10 мураббий (Фурқат Юсупов блоги)

Англия Премьер лигасида энг кўп ўйинда жамоасини майдонга олиб тушган мураббийлар ҳақида биласизми? Биз сизга АПЛнинг “гвардия”чи мураббийлари ТОП-10 лигини тақдим этамиз.

10. Грем Сунесс – 319 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Блекберн” (118), “Нюкасл” (95), “Ливерпуль” (68), “Соутгемптон” (38)

Шотландиялик мутахассис фаолияти давомида мураббий сифатида 880 та учрашув ўтказган. Ана шуларнинг 319 таси Премьер лига ўйинларига тўғри келади. Сунесс 1991-94 йиллар давомида “Ливерпуль”ни бошқарди. Бироқ у “қизиллар” билан атиги кубок баҳсларида муваффақият қозонди холос. Грем шунингдек “Блекберн” билан 2002 йилда Лига кубогида ҳам ғалабага эришган.

9. Алан Кёрбишли
Бошқарган жамоалари: “Чарлтон” (266), “Вест Хэм” (62)

Алан 1995 йилдан 2006 йилгача “Чарлтон” жамоасига мураббийлик қилди. У жамоа билан Чемпионшипда ҳам Премьер лигада ҳам бирга бўлди. Кёрбишли клубни бошқарган даврда жамоа 38 фоиз ўйинларни ғалаба билан тугатган. Бу ўртамиёна жамоа учун ёмон натижа эмас. Алан 2006-2008 йилларда “Вест Хэм”га ҳам устозлик қилди.

8. Мартин О”Нил – 359 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Астон Вилла” (152), “Лестер Сити” (152), “Сандрленд” (55)

Шимолий Ирландиялик мутахассис 1995 йилдан буён Премьер лигада фаолият юритмоқда. Айни пайтда ўз юрти термасини бошқараётган мураббий ПЛда 3 та клубга устозлик қилган. Мартин 8 марта ойнинг энг яхши мураббийи бўлганлигини инобатга олсак, унинг Англия чемпионатидаги ишлари ёмон бўлмаганлигига амин бўламиз.

7. Марк Хюз – 400 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Блекберн” (147), “Сток Сити” (131), “Манчестер Сити” (54), “Фулхэм” (38), “КПР” (30)

Футболчилик фаолияти давомида 200 дан ортиқ гол урган Хюз, мураббийликда ўртамиёнага айланди. У Премьер лигада 5 та жамоага устозлик қилди. Мураббийликдаги дебютини “Блекберн”да бошлаган Марк ёмон натижаларга эришмади. Клуб мунтазам равишда ўртамиёналар сафида юрди. Умуман олганда футболчилик даврида 15 та совринни қўлга киритган Хюз, мураббий сифатида 11 йилдан буён ҳеч вақо юта олгани йўқ.

6. Сем Эллардайс – 433 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Болтон” (226), “Вест Хэм” (114), “Блекберн” (41), "Сандрленд" (30), “Нюкасл” (19), "Кристал Пэлас" (3)

Сем 1992-1999 йилларда Чемпионшип жамоаларида мураббийлик қилади. 1999 йилда эса “Болтон” жамоаси бошқарув рулини ўз қўлига олди ва 2001 йили клубни Премьер лигага олиб чиқди. Сем ўшандан буён ПЛнинг 6 та жамоасига устозлик қилди ва 6 бор ойнинг энг яхши мураббийига аталган совринга эга чиқди.

5. Девид Мойес – 461 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Эвертон” (427), “Манчестер Юнайтед” (34)

Мойес 2002 йилдан 2013 йилгача “Эвертон” жамоасига устозлик қилди. У клубни ҳаттоки Чемпионлар лигасигача олиб чиқди. Девид “ирислар” билан яхши натижаларга эришди. Оқибатда 10 марта ой мураббийига айланди. Бироқ унга “Манчестер Юнайтед”да муваффақият қозониш насиб этмади. Мойес Фергюссоннинг вориси деган номни оқлай олмади. Шотланд мутахассиси айни пайтда Испанияда фаолиятини давом эттирмоқда.

4. Стив Брюс – 479 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Бирмингем” (165), “Сандерленд” (89), “Халл Сити” (152), “Уиган” (63), "Астон Вилла" (10) 

Брюс футболчилик фаолиятида 1000 га яқин ўйинда майдонга тушган бўлса, мураббийлик даврида 700 дан ортиқ учрашув ўтказган. Стив ПЛдаги фаолиятини 2001 йилда “Биримингем”да бошлаган. Қизиқ томони у Биримингемликларни жами 270 учрашувда майдонга бошлаб тушган ва роппа-роса 100 тадан ғалаба ва мағлубиятни қабул қилган. Брюс Премьер лигада жами 5 клубни бошқарган.

3. Гарри Реднапп – 639 ўйин
Бошқарган жамоалари: “Вест Хэм” (269), “Портсмут” (157), “Тоттенхэм” (144), КПР (71), “Соутгемптон (22)

32 йилдан буён мураббийлик қилиб келаётган Реднапп Премер лигада ўз шогирдларини 639 та ўйинда майдонга бошлаб тушган. Гарри бошқарган жамоалари билан 4 та мусобақада зафар қучди. 4 бора ой мураббийи, бир марта эса йил мураббийи деб эътироф этилди. Гарри мураббий сифатида умумий ҳисобда 1380 та учрашув ўтказган.

2. Арсен Венгер – 769 ўйин
Бошқарган жамоаси: “Арсенал” (769)

1996 йилдан буён “Арсенал”га мураббийлик қилаётган Венгер “канонирлар”ни жами 1150 та ўйинда майдонга бошлаб тушган. Ана шу ўйинларнинг 769 таси эса Премьер лигага тўғри келади. Арсен “Арсенал”ни 3 марта мамлакат чемпиони қилди. Умумий ҳисобда эса клуб музейига 14 та совринни олиб келди. Француз агар яна 3 йил жамоани бошқарса бу рўйҳатда биринчи ўринга чиқиб олади.

1. Сер Алекс Фергюссон – 810 ўйин
Бошқарган жамоаси: “Манчестер Юнайтед” (810)

1986-2013 йилларда “Манчестер Юнайтед”га 1500 та ўйинда мураббийлик қилган Сер Алекс Премер лигада энг кўп ўйин ўтказган мураббий сифатида пешқадамлик қилмоқда. Фергюссон “қизил иблислар”ни 13 марта чемпион қилиб, мутлоқ рекорд ўрнатди. У шунингдек 27 марта ойнинг, 11 бора йилнинг энг яхши мураббийи деб тан олинди. Фергюссон 39 йиллик мураббийлик фаолияти давомида 2131 та учрашув ўтказган. Шунингдек 50 та жамоавий, 80 та шахсий соврин ва унвонларни қўлга киритган.

Юсупов Фурқат тайёрлади
 

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар