Нукус шаҳар Мудофаа ишлари бўлими сафарбарлик чақируви резерви бўлинмаси бошлиғи майор Акмал Сулаймонов билан интервью

Биз ҳарбий таълим соҳасидаги ислоҳотлар самаралари хусусида Нукус шаҳар Мудофаа ишлари бўлими сафарбарлик чақируви резерви бўлинмаси бошлиғи, майор Акмал Сулаймонов билан суҳбатлашдик.
— Аввало, тарихга бир назар солиб, мустақилликдан олдин юртимиздаги олий ҳарбий кадрлар ва билим юртларининг ихтисослашганлик даражаси ҳақида қисқача айтиб ўтсангиз?
— Биринчи Президентимизнинг «Миллий армиямиз — мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир» номли рисоласида 1990 йилда маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий кадрларнинг атиги 0,6 фоизини ташкил этгани қайд этилган. 1993 йилга қадар республикамизда 3 та олий ҳарбий таълим муассасасида бор йўғи 3 та мутахассислик бўйича офицер кадрлар тайёрланган. Бу рақамлар вазиятнинг қанчалик оғир бўлганлигини кўрсатади, албатта. 
— Шу ўринда айнан мустақиллик йилларида ташкил топган олий ҳарбий таълим муассасалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Мустақиллик йилларида бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. 1992-1993 ўқув йилидан бошлаб, республикамиз Қуролли Кучлари учун малакали офицер кадрлар тайёрлаш мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида алоқачиларни тайёрлайдиган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети, 1994 йилда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, 1995 йилда Олий қўмондонлик таркибий офицерларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси, 2012 йилда эса Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети ташкил этилди. Қуролли Кучлар академияси, олий ҳарбий таълим муассасалари ва сержантлар тайёрлаш мактаблари мамлакатда миллий офицерлар ва сержантлар тайёрлаш тизимини юқори поғонага кўтарди.
Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий таълим муассасаларида Қуролли Кучларимиз учун барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер ҳамда сержант кадрлар тайёрланмоқда.
— Бугун олий ҳарбий билим юртларида ўқиш истагида бўлган ёшлар кўп. Уларга шу йўналишдаги таълим муассасалари ва ўқиш муддатлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
— Олий ҳарбий билим юртларига 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган, ўша йили 17 ёшга тўладиган йигитлар ва шу билан бирга 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар қабул қилинади.
Турли ихтисослик йўналишларида ҳарбий офицерларни тайёрлаб чиқарувчи Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик ва Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртларида ўқиш муддати 4 йил. Тошкент ахборот технологиялари университетидаги Мудофаа Вазирлигининг махсус факультетига қабул қилинган талабалар 3-курсдан бошлаб ҳарбий қасамёд қабул қилгандан кейин курсант мақомини олади ва ушбу билим юртида ўқиш муддати 5 йил. 
— Олий ҳарбий таълим муассасалари абитуриентлари учун қандай имтиёз ва имкониятлар бор?
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга асосан, олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари ҳар йили 10 июль куни бўлиб ўтади ва тест натижалари 15 июль куни эълон қилинади. 
Тест синовларида қониқарли натижа кўрсата олмаган абитуриентлар республиканинг ҳарбий бўлмаган бошқа олий таълим муассасаларига яна бир бор ҳужжат топшириш имкониятига эгадирлар. 
Тест синовлари ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларининг бирида ўқишга кириш истагини билдирган шахслар хоҳишига кўра топширилади. 
Эътиборлиси, ўтган 25 йил ичида ҳарбий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида кенг билим ва тафаккурга, олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этишга қодир бўлган ҳарбий кадрлар етишиб чиқди.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳарбий хизматчиларни касб байрами, Миллий армиямиз ташкил топганининг 25 йиллиги билан табриклаймиз!
Ғайратжон ОТАЖОНОВ суҳбатлашди.

Бўлимлар