Ширин ёлғон (Ҳажвия)

Аутсайдер мақомидаги жамоа президенти баёнотидан: «Азизлар, мен раҳбарлик қилаётган клуб юртимиздаги энг кўзга кўринган жамоалар сирасига киради. Барча мураббийларимиз PRO лицензияси соҳиблари, футболчиларимиз эса ҳақиқий профессионал.

Бир биридан тартибли, барчаси тўпга чанқоқ. Машғулотларга ҳеч ким кечикмайди. Бунақа муаммолар аллақачон ҳал этилган бизда. Лекин шунга қарамай биргина камчилик бор. Бу ҳақда кейинроқ тўхталаман. Ҳар йили клубимиз тарбияланувчилари турли мусобақаларда биринчи ўринни олишади. Но-профессионал футболчиларни жамоамизда кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ҳатто Мессидан ҳам зўр ўйнайдиган футболчилар бор. Буларнинг барчаси аниқ тизим йўлга қўйилганидан далолат. Мураббийлар штаби бирор марта ўйинга пухта тайёрланмай чиқмайди. Бунга йўл қўймайман. Аммо таассуфки, биргина камчилик кўп ҳолларда панд бериб қўяди.

Жамоада ички интизомга жиддий эътибор қаратганман. Стадионимиз қишин-ёзин доимо ям-яшил туради. Журналистлар учун матбуот-ложаси, мартабали меҳмонлар учун VIP-ложаси камчиликлардан холи. Шунингдек, ТВ ходимлари учун алоҳида хоналаримиз бор. Матбуот котибимиз ва клубимиз веб-сайти тун-у кун, 24 соат изланишда.

Машғулотлар пайтида футболчиларимиз ўзаро самимий муносабатда. Келишмовчиликлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Барибир битта камчиликни ўйлаб сиқилиб кетаман-да. Бўлмаса, жамоамизнинг грандлардан сира кам жойи йўқ. Стадионимиз таъмирдан чиқарилган ва доимо мухлислар билан гавжум. Тарбияланувчиларимиз учун беҳисоб футбол майдончаларини қурганмиз. Улар қишда далада машғулот ўтказишмайди. Жамоа бақувват ҳомийларга эга. Дарвоза тўсинлари кечагина заводдан чиққандек ярқираб турибди. Тарбияланувчиларимиз формалар ва тўплар билан тўлиқ таъминланган. Майдончаларимиз эртаю-кеч ёш футболчиларимиз ихтиёрида. Хуллас, болалар футболига эътиборни кучайтирганмиз. Лекин барибир битта камчилик бор-да. Айтганча, биз ҳакамлардан ҳам тўла миннатдормиз. Бирор марта ҳакам устидан федерацияга арз қилмаганмиз. Тартиб-интизом кучли бўлгач, футболчиларимиз улар билан тортишмайдилар-да. Шу боисми, бутун мавсум давомида бирорта қизил карточка олмадик. Ходимларимизга маошларини вақтида берамиз. Футболчилар орасида безорилик кузатилмайди. Улар ичишмайди, чекишмайди... Допинг нималигини ҳатто билишмайди ҳам. Хуллас, ҳамма-ҳаммаси жойида. Ишонасизми, гаров бойлаб ҳам, жамоамда бирорта камчилик тополмайсиз.

Дарвоқе, бояги камчиликка келсак... Эҳтимол, бу жуда катта нуқсон саналмас. Гап шундаки, бир ёлғон гапиришга тушсам, ўзимни сира тўхтатолмайман-да...»

Фурқат Юсупов

Бўлимлар