Шифокор, баскетболчи, боксчи, теннисчи бўлишни орзу қилган футбол юлдузлари (Фурқат Юсупов блоги)

Ҳар бир инсон болалигида қайсидир касбни эгаллашини орзу қилади. Бироқ, хамиша ҳам ўйлаганларимиз амалга ошавермайди. Йиллар ўтиб, бошқа соҳага қизиқишимиз ортиб, болаликдаги орзуларимиз саробга айланади. Жаҳон тан олган футбол юлдузларининг ҳам болалигида ўз орзулари бўлган экан. Изланишларим оқибатида, бу борада қизиқарли маълумотларни тўплаган эдим. Шуни сизнинг ҳукмингизга ҳавола қилмоқчиман.

Африка футболи фахрларидан бири Дидье Дрогба болалигида шифокор бўлишни орзу қиларди. «Одамларни даволаш - олийжаноб иш», дерди у. Лекин унинг амакиси - Франция 2-дивизионларида тўп сурган Мишел Гоба жиянини футболга қизиқтиради ва охир-оқибат у футболчи бўлади. Дрогба балки шифокор бўлганида ҳам ўз касбининг устасига айланган бўлармиди. Яна ким билади дейсиз?

Бразилиялик Алешандро Пато ёшлигида физиотерапевт касбини эгаллашни орзу қиларди. У болалигида қўлини синдириб олади. Суяк қайта тиклангач, рентгендан қўлда қандайдир ўсимта пайдо бўлгани аниқланди. Шифокорларнинг ўсимта катталашиб бориши ва 1-2 ойда тузатиб бўлмас даражага етишишини айтишади. Алешандронинг оиласи жиддий операцияга пул тўлашга қодир эмасди. Оиланинг бахтига, яхшиямки, саҳоватли инсон чиқиб қолади. Яъни Алешандронинг отасига қадрдон дўст бўлган врач Паулу Роберто Мусси операция харажатларини ўз бўйнига олади ва амалиётни ҳам ўзи ўтказди. Ҳа, агарда Мусси вақтида саҳоват кўрсатмаганида, бугунда Алешандронинг тақдири қандай бўларди, буни айтиш мушкул. Шифокорларнинг беминнат ёрдами 10 ёшли болакайга қаттик таъсир қилади. У хатто қасам ҳам ичади: агарда футболчи бўлолмаса, албатта шифокор бўлиши хусусида.

Баъзи футболчилар болалигида спортнинг бошқа тури билан шуғулланишган ва ана шу спорт тури бўйича кейинги фаолиятларини давом эттиришни исташганди. Баскетболни фақат бўйи узунлар ўйнашади деб хисоблайсизми? Филип Лам аксинча фикрда. У болалигида баскетболчи бўлиш орзусида эди. 171 смли Лам баскетболни ҳам ёмон ўйнамайди. «Ёшлигимда баскетболни жуда яхши ўйнардим, бўйим унча баланд бўлмаса-да, баландга яхши сакрардим. Орадан вақт ўтиб, мен футболни танладим. Чунки бизнинг юртимизда баскетболга футболдагидек эътибор беришмайди. Бунинг устига мени ўзим орзу килган «Бавария» клубига шуғулланишга олиб келишганди», - дейди баскетболчи бўла олмаган Лам.

Филипни билмадигу бироқ, «Зидан кушандаси»га айланган Марко Матераццидан яхшигина баскетболчи чиқиши мумкин эди. Чунки унда бўй ҳам, гавда ҳам бор. Марко болалигида баскетболчи бўлишни орзу қилган, афсонавий баскетболчи Майкл Жордан унинг спортдаги кумири хисобланади ва айнан Жордан тўп сурган 23-рақамни ўзига олган. Шунингдек болгариялик Димитар Бербатов ҳам болалигида баскетбол билан шуғулланган.

Ирландиялик Рой Кин кўпчилик болакайлар сингари боксга ҳам бефарқ эмасди. Танишларининг таъкидлашларича, Рой бу соқада ҳам дурустгина қобилиятга эга бўлган экан. Аммо охир-окибат Рой футболни танлайди.

Майкл Оуэн хам мактабда ўкиб юрган пайтларида бокс билан шуғулланган. Майкл спорт турларидан яна голф ва стол тенниси ўйнашга қизиққан.

Уругвайлик Диего Форлан теннисчи Давид Налбандянга нафақат ташқи томондан ўхшаб кетади, балки унинг йўлини ҳам такрорлаши мумкин эди. Диего ёшлигида теннис билан шуғулланган, аммо кейинчалик яшил майдонда тўп суришни лозим топди. Форлан бу қароридан ҳеч қачон афсусланмаса керак.

Англиялик машҳур «новча» футболчи Питер Крауч 12 ёшгача теннис билан шуғулланган. Боз устига омадли тарзда. Фақат шуниси борки, каттакон Лондонда ноодатий гавдага эга ўйинчини муваффақият сари етаклай оладиган тажрибали мутахассиси топилмаган. Мисол учун, Питернинг теннис бўйича охирги мураббийи унга қуйидагича маслаҳат берган: «Бундай дароз бўй билан қортда ҳеч нарсага эришолмайсан. Яхшиси футболга ўт…». Крауч эса ушбу сўзларга қулоқ тутган ва 1993 йили «Тоттенхем» ёшлар академиясида пайдо бўлган.

«Немис машинаси» таркибида энг кўп гол киритган Мирослав Клозе ёшлигида жиддий равишда гимнастика билан шуғулланган. Лекин кейинчалик у ҳам футболни афзал кўрди. Шундай бўлсада, у ўзининг киритган кўпсонли голларини ажойиб салто билан нишонлашига хайратланмаса ҳам бўлади.

АҚШ футболининг «юзи» Лендон Донован ҳам Миро сингари ёшлигида гимнастика билан шуғулланган, аммо унинг яна бир севимли машғулоти - футбол оқибатда гимнастикадан устун келди.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Бўлимлар