Халқ қабулхоналари - инсон манфаатлари гарови

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган барча соҳадаги  ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, шаъни, қадр-қимматини ошириш ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилига таяниб, бугун ушбу эзгу ва олийжаноб мақсадлар асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида 2017 йилни мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилар экан, “Аввало, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор” дея алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш зарурлигини ҳам қайд этди.

Шунингдек, Президентимиз 2016 йил 28 декабрь куни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Мазкур Фармон эса “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва фаолият юритиш тартиб-таомилларини муфассал белгилаб берди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси тузилади.

Келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, келиб тушган ва тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш, келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш ва юритиш йўли билан мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Бу билан давлат  инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида тан олган ҳолда, фуқаронинг ҳар бир мурожаатини эътиборсиз қолдирмасликни таъминланади, шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қандай бўшлиқлар мавжудлигини аниқлаш имконини бериб, амалдаги қонун хужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига асос бўлади.

Халқ билан мулоқотнинг ушбу ўзига хос йўналишлари инсон манфаатларининг юксалишига, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларининг тубдан такомиллашишига, бир сўз билан айтганда, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини топиш учун имконият яратади.

Турсунов Элмурод Эргашович - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Жамоат, нодавлат  нотижорат ва диний ташкилотлар  бўлими бошлиғи

Бўлимлар