Нукусда янги соғломлаштириш маркази иш бошлади

Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникада “Соғломлаштириш” маркази иш бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Саломатлик ва тиббий статистика институтининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Т.Рўзметова, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги халқаро ҳамкорлик агентлиги ваколатхонаси раҳбари Им Жонг Хи ва бошқалар мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги халқаро ҳамкорлик агентлиги – КОИКА ҳамкорлигида Саломатлик ва тиббий статистика институтининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан ташкил этилган марказ инсонларнинг соғлом ҳаёт кечириши, саломатлигини мустаҳкамлаши, жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиши орқали юрак-қон томир ва қандли диабет касалликларига олиб келувчи семизликнинг олдини олишни тарғиб этади.

– Марказимизга замонавий тиббий ташхис қўйиш ва тренажёр ускуналари ўрнатилди, – дейди “Соғломлаштириш” маркази шифокори С.Алламуратова. – Юрак-қон томир хасталигининг олдини олиш мақсадида келган мижозлар бу ерда шифокор кўригидан ўтиб, қон босими, қондаги холестерин ва глюкоза миқдорини аниқлайди, сўнгра гуруҳларга бўлинган ҳолда жисмоний машқлар билан шуғулланади.

Марказда тиббиёт ходимлари томонидан рационал овқатланиш, турли жисмоний машқлар билан чиниқиш бўйича соғломлаштириш дастурлари ишлаб чиқилиб, даволанувчиларга тарқатилади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар