Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойлари қандай талабларга жавоб бериши керак?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарори билан бозорлар балансидаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари учун қатъий белгиланган солиқ ставкасини 2 бараварга пасайтириш ва бошқа автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари учун амалдаги солиқ ставкасини сақлаб қолиш белгиланди.

Ушбу киритилган ўзгариш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 500,0 млн.сўмга яқин маблағ бозорлар маъмурияти ихтиёрида қолиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июль кунги “Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 213-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

қаттиқ қоплама, ёритиш, ахлатни тўплаш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситалар, қаттиқ шатаклар ва шатакка олувчи тросслар мавжудлиги;

йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларини таъминлайдиган ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойларнинг мавжудлиги;

ҳудуд тўсилган бўлиши ёхуд кириш (чиқиш) учун махсус ажратилган жойни айланиб ўтиб ҳудудга эркин кириш (ундан чиқиш) имконини бермайдиган бошқа тўсиқларга эга бўлиши;
автомототранспорт воситаларининг эркин кириши (чиқиши)ни истисно этувчи шлагбаум (ёки бошқа қурилма) мавжудлиги;

агар бир неча қаторларда автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш имконияти мавжуд бўлса, ҳудуд ичида автомототранспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун ажратилган полосалар мавжудлиги;

кириш (чиқиш) учун ажратилган жойда назоратчи-кассирнинг хонаси (будкаси) бўлиши керак, унинг ташқи томонига кўринарли жойда автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш тарифлари ва шартлари йирик ҳарфларда ёзилган (ҳарфларнинг йириклиги камида 3 см бўлган) ёзув жойлаштирилади;

автомототранспорт воситаларини жойлаштириш тегишли схемасининг мавжудлиги;
автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, иш режими, телефон рақами кўрсатилган "Пулли автомобиллар тўхташ жойи" лавҳаси мавжудлиги;
ногиронларнинг автомототранспорт воситалари учун махсус жиҳозланган камида иккита жой мавжудлиги.

2017 йил 1 январга қадар бўлган солиқ ставкаларида автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ташкил этишда солиқларини тўлаш қобилияти бўлмаганлиги сабабли бундай хизмат кўрсатишда қийинчиликларга дуч келар эдилар.

Киритилган ўзгаришлар натижасида кичик туманларда жойлашган бозорлар атрофида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 31 июль кунги 213-сонли қарори талабларига жавоб берадиган автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ташкил этилиб аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш хажми ошишига эришилади.

Нигора РОЗИБАЕВА
ҚР ДСБ Ахборот хизмати бош мутахассиси

Бўлимлар