Нукусдаги очиқ мулоқотда тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари ўз ечимини топди

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 13 минг 718 та тадбиркорлик субъекти ҳамда 5 минг 420 та  фермер хўжаликлари мавжуд. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ривожлантиришда юзага келаётган айри муаммо ва камчиликларни бартараф этган ҳолда қулай шарт-шароитлар яратишга O’zLiDeP алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикасида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб вазифалари” мавуида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда тадбиркор ва фермерликни ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган айрим муаммолар ўртага ташланиб, соҳа вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этилди ва айрим масалалар ўз ечимини топди.

 

Т.Нуржанова, Тахтакўпир тумани “Даўлет ата Тахта” фермер хўжалиги раиси:

—Фермер хўжалигимизда асосан пахта, ғалла етиштириб давлатга йиллик режани ортиғи билан бажариб келаяпмиз. Бундан ташқари аҳолига маиший хизмат кўрсатиш мақсадида қишлоғимизда тикув цехи очиб, 5 нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминладик. Мақсадим, хўжалигимизни янада кенгайтириб кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантириш. Техника фермернинг қўл-оёғи деганларидек, бугунги очиқ мулоқотда фермерлар учун лизинга бериладиган техникаларнинг баҳоси арзонлаштирилиб, тўлаш муддати бироз узайтирса, деган таклифни киритдим. Соҳа мутахассислари бу бўйича тегишли тавсиялар бериб, қишлоқ хўжалиги техникасини арзон нархда лизинга олиш бўйича ҳам йўл-йўриқлар кўрсатишди.

К.Шамуратов, ёғоч ўймакори устаси, ҳунарманд:

—Оила аъзоларимиз билан бир неча йилдан буён ёғоч ўймакорлиги бўйича шуғулланиб келамиз. Президентимиз кўрсатмаларига асосан республикамизда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Шундан фойдаланиб, оилавий тадбиркорлигимизни йўлга қўймоқчимиз. Бунда бизга яна қўшимча ер майдони керак бўляпти. Тадбирда мазкур масала билан мурожаат этдим. Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раиси ўринбосари Гулжан Ҳолмурадова бу масалани ҳал эишда ёрдам беришини айтиб, тадбиркорларга ажратиладиган ер майдонларини олиш тартиби ҳақида тўлиқ тушунча берди.

Очиқ мулоқотда шу каби яна бир нечта муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, айримлари жойида ҳал этилди. Оз бўлсада тадбиркор ва фермерларнинг иш фаолиятини яхшилашда партия томонидан муносиб ҳисса қўшилди. 

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати.

Бўлимлар