2017 йил солиқ ставкалари: янгилик ва ўзгартишлар

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 27 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-417-сонли қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарори билан солиқ қонунчилигига ва 2017 йил солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Пенсия жамғармаси даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, ягона ижтимоий тўловнинг амалдаги ставкасини сақлаб қолган ҳолда фуқароларнинг суғурта бадаллари ставкасини амалдаги 7,5 фоиз фоиздан 0,5 фоизга оширилиб, 8 фоиз миқдорида белгиланди.

Марказлаштирилган манбаларни (Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари) жалб қилган ҳолда молиялаштириладиган капитал қурилишда танлов савдолари иштирокчилари учун солиқ солиш тизимидан қатъий назар объектнинг қурилиш қиймати қўшилган қиймат солиғи билан аниқланиши ва тендер ғолиблари томонидан ҚҚС бюджетга тўланиши белгиланди.

Акциз солиғи ставкалари Республикада ишлаб чиқариладиган айрим акциз тўланадиган товарларга ўртача 5-30 фоизгача индексация қилинди.

Жумладан, этил спирти – 25%га (2016 йилда 20%), табиий вино (этил спирти қўшилмаган) – 5 фоизга (2016 йилда 5 %), бошқа турдаги винолар 
– 20 фоизга (2016 йилда 15 %), коньяк – 27 фоизга (2016 йилда 22 %), ароқ ва бошқа алкогол маҳсулотлари – 25 фоизга (2016 йилда 15 %) индексация қилинди.

Бундан ташқари, пиво - 25 фоизга (2016 йилда 25 %), тамаки маҳсулотлари - 30 фоизга (2016 йилда 50 %) индексация қилинди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг амалдаги ставкаси 2017 йилда 15 фоизга (2016 йилда 15 %) индексация қилинди.

Ер ва сувдан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш мақсадида, ер солиғи ставкаси 15 фоизга (2016 йилда 15%), сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 20 фоизга (2016 йилда 15%) индексация қилинди.

Ер солиғини ҳисоблаш жараёнини соддалаштириш мақсадида шаҳарлар ва шаҳарчаларда (Тошкент шаҳридан ташқари) зоналар бўйича табақалаштиришни бекор қилиб, ягона базавий ставка белгилаш ҳисобига ер солиғи ставкалари унификация қилинди.

Маҳаллий бюджетлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида, транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкаси бензин ва дизель ёқилғиси учун 39 фоизга (2016 йилда 15 фоиз) индексация қилинган ҳолда 1 литр учун 465 сўм (2016 йил 335 сўм) миқдорида белгиланди.

Шунингдек, суюлтирилган газ - 1 литр учун 230 сўм ва сиқилган газ - 1 куб метр учун 275 сўм миқдоридаги ставкаси сақланиб қолинди.

Бозорлар балансидаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилиб, бошқа автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари учун амалдаги солиқ ставкаси сақлаб қолинди.

Уяли алоқа компанияларидан абонентлик рақамларидан фойдаланганлик учун олинадиган тўлов миқдори 2017 йил 1 январдан бошлаб ҳар ойда 2000 сўм қилиб белгиланди.

2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этилиши белгиланди. Бунда:

 микрофирма ва кичик корхоналар ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақининг 0,65 миқдоридан кам бўлмаган миқдорда;

микрофирма ва кичик корхоналар тоифасига кирмайдиган юридик шахслар ҳар бир ходим учун ойига 1,0 минимал иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ягона ижтимоий тўлов ҳисоблайди.

Айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш учун йиғимни йил бошидаги энг кам иш ҳақининг миқдоридан келиб чиқиб тўлаш тартиби белгиланди. Ўзгартириш киритилмасдан олдинги меъёр бўйича энг кам иш ҳақининг миқдори ўзгарган тақдирда, солиқ тўловчилар аниқлаштирилган ҳисоб-китобни навбатдаги тўлов муддатидан кечиктирмай тақдим этиши ва қўшимча тўловни амалга ошириши шарт эди.

Солиқ имтиёзларини қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлардан корхонанинг самарали ва тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш учун имтиёз муддати тугаганидан кейин бир йил давомида фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Шундан кейин ҳам корхона имтиёз суммасини имтиёз муддати тугаганидан кейин бир йил ичида ишлатмаган тақдирда, бюджетга ўтказиши шартлиги белгиланди.

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 1,5 бараварга индексация қилинди.

Солиқ маъмурчилиги бўйича:

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қарзи бир йил мобайнида тўланмаган тақдирда, қарзни ундиришни мол-мулкига қаратиш учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган (юридик шахслар энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача, жисмоний шахслар учун 5 баробаригача) ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш тартиби белгиланди.

Солиқ қарзини ундириш бўйича инкассо топшириқномаларини тақдим этишнинг ягона муддати белгиланди, бунда юридик шахслар каби якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам тўлов муддати тугаганидан кейин уч иш куни қилиб белгиланди.

Иқтисодий инқироз давом этаётган ривожланган давлатларининг кўпчилигида иқтисодий мувозанатни сақлаш мақсадида солиқ ставкалари оширилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юки ўсиши кузатилмоқда. Давлатимизда эса ҳар йил якуни билан солиқ юкини оширмасликнинг барча чоралари кўрилиши натижасида тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланиши орқали мамлакатимизнинг иқтисодий  ривожланишдаги улуши ортиб бораётганлигини кузатса бўлади.

Нигора РЎЗИБОЕВА

Қорақалплоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси

Бўлимлар