my.soliq.uz имкониятлари

Янги портални яратишдан мақсад - аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларини электрон шаклга ўтказиш орқали фаолиятнинг шаффофлиги, тезкорлиги ва самарадорлик даражасини янги босқичга кўтаришдан иборат.

Электрон давлат хизматлари илғор хорижий давлатлар (Жанубий Корея, Япония, Франция, Бельгия, Россия) тажрибасига таянган ҳолда, шунингдек солиқ тўловчилар томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда, қайта кўриб чиқилди ва замонавий талаблар асосида такомиллаштирилди.

«Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, порталда электрон давлат хизматлари интерактив ва ахборот давлат хизматларига ажратилди. Шунингдек хизматлар йўналишига кўра, «мурожаатлар юбориш», «солиқларни тўлаш», «маълумотномалар олиш», «ҳисобга қўйиш» каби гуруҳларга бўлинди.

Бугунги кунда, давлат солиқ қўмитасининг 31 та электрон давлат хизматлари, шу жумладан 18 та интерактив ва 13 та ахборот хизматлари электрон солиқ хизматлари портали «my.soliq.uz»га жойлаштирилган. Бундан ташқари, 27 турдаги очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиш имконияти яратилган.

Порталда солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ барча масалаларни электрон шаклда ҳал этишга мўлжалланган юридик ва жисмоний шахсларнинг «шахсий кабинет»лари янада қулай кўринишда қайта ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида «шахсий кабинет» жорий этилди.

Янги порталда солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва солиқ декларацияларини юбориш, расмий тушунтиришлар ва 14 хил турдаги маълумотномалар (справка) олиш мумкин. Шунингдек, корхонанинг ҳисоб рақамига қўйилган инкассо топшириқномалари рўйхати билан танишиш, солиқларни онлайн режимида тўлаш, корхонага юборилган огоҳлантириш хабарномалари тўғрисида тезкор хабардор бўлиш, фуқароларга ҳисобланган суғурта бадалларини кўриш каби 10 дан ортиқ янги имкониятлар яратилди.

Жумладан, портал ёрдамида тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимида тўлашлари мумкин. Бунинг учун электрон рақамли имзо калити орқали шахсий кабинетга кириб, солиқ турини танлаш ва тўлов суммасини кўрсатиб, «тўлаш» тугмасини босиш кифоя. Корхонанинг электрон тўлов топшириқномаси банкка автоматик равишда етказилади ва шу заҳотиёқ тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади. Агар ҳисоб-рақамда пул миқдори етарли бўлмаса, тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади. Мазкур тўлов тизими 24 соат давомида узлуксиз ва бепул ишлайди.

Шахсий кабинет орқали амалга ошириладиган тўлов тизимининг яна бир муҳим томони Солиқ кодексининг 59-моддасига кўра, солиқ тўловчилар солиқларни тўлаш учун банкка ўз вақтида тўлов топшириқномаларини қўймаганлиги учун корхоналарнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг ҳам олди олинади.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб яна бир янгилик жорий этилди: корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имконияти яратилди.

Эндиликда, иш берувчи ўз ходимининг аризасига мувофиқ, маҳаллий солиқларини битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб бериши мумкин. Бунда тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрларини қоғоз шаклда солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш ҳам мутлақо бепул. 2016 йилнинг 1майидан йил якунига қадар бу тизимдан Қорақалпоғистон Республикасидаги 3707та юридик шахслар фойдаланиб, 15711 ходимнинг 3 млрд сўмга яқин ер ва мол-мулк солиқларини интернет орқали тўлаб берди.

Порталда жорий этилган яна бир янги хизмат «Фуқароларга ҳисобланган суғурта бадаллари» деб номланиб, унда иш берувчилар томонидан ҳар бир жисмоний шахс учун ҳисобланган суғурта бадаллари тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилади. Ушбу хизмат ёрдамида жисмоний шахслар ўзига ҳисобланган суғурта бадаллари миқдорини портал орқали кўриб, назорат қилиб бориш имконияти яратилган. Бундан ташқари, ҳар бир хизматдан фойдаланиш бўйича алоҳида қўлланма ва ҳар бир хизматни кўрсатиш учун масъул бўлган давлат солиқ хизмати органи ходимининг исми-шарифи ва телефон рақами акс этиб туради. Унда солиқ идораларига юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш босқичларидан хабардор бўлиш, хизматлар кўрсатиш сифатини баҳолаш, ўз фикр ва мулоҳазаларини Давлат солиқ қўмитасига тўғридан-тўғри юбориш имкониятлари яратилган.

Интерактив хизматлар ёрдамида мустақил равишда ҳисобланган, жисмоний шахсларга тегишли бўлган мол-мулк ва ер объектлари учун солиқларни «Click», «MBank» ҳамда «U-Pay» хизматларидан фойдаланиб, ўз уйларидан чиқмаган ҳолда тўлаш имкониятининг яратилганлиги солиқ мажбуриятларини бажариш учун банк ёки солиқ органларига ташриф буюриш билан боғлиқ оворагарчиликлардан халос этади. Ушбу замонавий тўлов усулларидан фойдаланган ҳолда 4804 та жисмоний шахс 465 458 126 млн, 117437 юридик шахс 35 262 708 129 сўм, 47 та якка тартибдаги тадбиркорлар 9 383 326 сўм маҳаллийсолиқлар электрон шаклда тўланди. 

Шунингдек, замонавий смартфон ва планшетлар учун фойдаланишга мўлжалланган «Soliq» мобил иловаси ёрдамида Давлат солиқ қўмитасининг 15 турдаги интерактив хизмат турларидан тез, осон ва қулай шаклда фойдаланиш мумкин.

ҚР Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

Бўлимлар