Ҳакимбой Ҳалимов: "Қорақалпоғистондаги Халқ қабулхонасига 320 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилди"

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолиятидан аҳоли мамнун. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Бугун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлашни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаб, камчиликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш яхши самара бермоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг фармони асосида ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда.

– Фуқаролар ўзларини ташвишга солаётган муаммоларга, жойларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларнинг барҳам топиши учун жон куйдирмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳакимбой Ҳалимов. – Президентимиз шу йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида қабулхонамиз фаолияти билан танишиб, олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди, ҳар бир мурожаатнинг холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлади. Ўтган кунларда 320 дан зиёд фуқаро мурожаат қилди ва улар томонидан билдирилган муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топди, айримлари назоратга олинди.

Мурожаат қилувчилар учун Халқ қабулхонасида барча қулайлик яратилган. Она ва бола, тиббиёт хоналари, кутиш зали замонавий жиҳозланган. Мурожаатлар асосан бандлик, уй-жой, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳасига оид бўлиб, бу мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятни янада оширишини талаб этади.

Бўлимлар