Амударёдаги корхона махулотларини 6 та давлатга экспорт қилмоқда

Амударё туманидаги масъуляти чекланган жамият шаклидаги “АМУДАРЁТEХ” хорижий корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосан Россия, Белоруссия, Молдавия, Полша, Туркия, Хитой давлатларига экспорт қилинмоқда

Корхона томонидан тайёрланаётган маҳсулотга жаҳон бозорида бўлган талабнинг тобора ортиб бораётгани иш унумдорлигини янада ошириш ва шу ҳисобига қўшимча иш ўринлари яратишга имкон бермоқда.

Мазкур корхона 2010 йилда тумандаги банкрот ҳолатига келиб қолган “Манғит ип-йигирув тўқимачилик фабрикаси” базасида Буюк Британиянинг “WEЛРОЙ ТEЧНОЛОГЙ” ЛТД компанияси томонидан ташкил қилиниб, 2014 йилда ишга туширилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 43,6 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилиб, 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда корхонада асосан маҳаллий хомашё – пахтадан юқори сифатли экспортбоп тўқимачилик ва трикотаж саноати учун йигирилган ип-калава ишлаб чиқарилиб, уларнинг 60 фоиздан ортиғи экспортга жўнатилмоқда.

— Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, импорт ўрнини босадиган, ички ва таш¬қи бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани катта самара бермоқда, — дейди хорижий корхона бош директори С.Вафоев. — Бу ўз навбатида экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилаётир. Асосан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизда

Германиянинг “Трутзсчлер”, Италиянинг “Марзоли” ва “Савио” фирмаларида ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар асосидаги дастгоҳларда маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти. Уларни маҳаллий ёшларимиз, асосан коллеж битирувчилари бошқармоқда.

Айни чоғда корхонада меҳнат қилаётган 442 нафар ишчи-хизматчиларнинг 280 нафарини хотин-қизлар ва 90 дан зиёдини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этади.
— Устоз-шогирд анъаналари асосида иш ўрганиб, замонавий дастгоҳларда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз, — дейди ёш ишчи Қудрат Дўсимбетов. — Биз қишлоқ ёшларининг кўпчилиги коллежда таҳсил олаётганда амалиётни шу ерда ўтаб, иш ўргандик. Бу биз учун ҳозир жуда қўл келмоқда.
Хорижий корхона томонидан 2016 йил давомида 20 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 2,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот чет элларга экспорт қилинди. Бунинг натижасида маҳаллий бюджетга жами 1,9 миллиард сўмдан ортиқ солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилди.

Корхонада 2017-2018 йилларда лойиҳа қиймати 2,8 миллион долларлик модернизация ишларини амалга ошириш натижасида компак ва пневматик ип-калава ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Бунинг ҳисобига яна қўшимча 40 та янги иш ўрни яратилади.

А.ОРТИҚБОЕВ. М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.
Манба: "Қорақалпоғистон тонги" газетаси.

Бўлимлар