Афсона ва ҳақиқат: Аёзқалъа тарихий ёдгорлиги

Аёзқалъа тарихий ёдгорлиги Султон Увайс тоғининг шарқий этагидаги йирик дехконларнинг кичик девор билан ўралган қўрғонларидан иборат. Бундай жуда кўп дехқон қўрғонлари орасида учтаси алоҳида ажралиб туради. Аёзқалъа қоясини тепасини безаб турган Аёз-1 деб аталган истеҳком ярим доира шаклидаги буржли, баланд қўшдеворлар билан ўраб олинган. Қалъа бурчакларида икки буржнинг бир-бирига кўшилишидан қалдиргоч думига ўхшаш антиқа шакл хосил бўлади. Бундай қурилиш усулини фақат илк кушонлар даврида қадимги Хоразмнинг ҳарбий истехком қурувчи усталари кўллаган. Кенг сахро ўртасида баланд кўтарилиб турган Аёз-1 ҳам Кизилкалъа тариҳий ёдгорлиги каби Хоразмга шимолдан олиб борадиган йўл устидаги муҳим стратегик иншоот хисобланади. Бу истеҳком жойлашган қоянинг пастки ёнбағрида, жанубий тепаликнинг учида тухимсимон шаклда солинган Аёз-2 истеҳкоми мавжуд. Бу калъадаги бинолар ва деворлар ўртасидаги равоқсимон йўлакларда хеч кандай маданий қатламлар бўлмаганлиги учун уни Аёз-1 , Кизилкалъа, Кунарликалъа каби химоячи қўрғон қишлоғи деб ҳисоблаш мумкин. Мазкур мустаҳкамланган тепаларнинг этакларида ғишт деворлар билан ўралган катта ҳовли-қўрғонлардан иборат бир қишлоқнинг харобалари ётади. Улар орасида кўплаб буржли девор билан ўралган Аёз-3 номли қўрғон алоҳида ажралиб туради.

АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ ТУРКУМИДАН: АЁЗҚАЛЪА ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИГИ


Аёзқалъа мажмуйига кирган қишлоқ ёдгорликлари унда кўп миқдорда топилган кушон даври тангаларига қараганда эрамизнинг 2-асрларида пайдо бўлган. Қишлок узоқ яшамай, ундаги ҳаёт 3-4- асрларда тугаган. Олимларнинг айтишича, бу ердаги кўплаб қўрғонларда дехқончилик билан шуғулланган аҳолининг патриархал типдаги катта жамоалари яшаган бўлиб, у Хоразмнинг ижтимоий-иқтисодий тузумида муҳим ўзгаришлар рўй бераётганидан дарак беради. Кушон давлатининг гуллаш даврида катта уруғ-жамоа типидаги мустаҳкамланган истеҳкомлардан, патриархал типдаги кўп оилали жамоаларнинг айрим қўрғон ёки катта ховлиларга ажралиб чиқиши анча кучаяди. “Катта оилали” жамоаларнинг ажралиб чиқиш жараёни қулдорлик тузумининг емирила бошлаганлигини ва илк феодал хўжаликларнинг вужудга келаётганлигини кўрсатади. Султон Увайс тоғининг шарқий тармоқларининг ёнидан учта қалъа харобалари жой олган бўлиб, улар тартиб билан белгиланган. Баланд тепалик устида жойлашган Аёзқалъанинг ўзи 1-рақам билан белгиланган. Аёзқалъа-1 тепалигидан жанубдаги баланд бўлмаган дўнгликда жойлашган қаср Аёзқалъа-2 деб белгиланган. Аёзқалъа-2 дан 250-300 метр масофадаги текисликда жойлашган хароба эса Аёзқалъа-3 деб белгиланган.

Аёзқалъа-1 шахристони девон даврига оид мармар аралашган оҳактош тўшалган тепалик устидаги текисликда жойлашган. 100 метргача кўтариладиган тепалик Султон Увайс тоғининг давоми ҳисобланади. Ёдгорлик ўлчамлари 182,5 х 152 метр бўлиб, тўғрибурчак шаклида, олам тарафларига қаратиб қурилган. Қўшдевор заранг қатлам устига кўтарилган ва айрим жойларда 10 метрдан зиёд баландликда сақланиб қолган. Ташқи деворнинг қалинлиги 2,4 метр, ички деворники 1,7 - 2,1 метр. Девор ўлчами 37-41 х 37-41х10-13 см бўлган хом ғиштдан қурилган, ғишт лойга терилган. Ора сира 32х32х10, 34х34х12 ва 46х11 см ли ғиштлар ҳам кўриниб қолади. Ғиштларда икки ёндош чизиқ ва битта думалоқ шаклдаги тамға учрайди. Деворлар орасида бутун периметр бўйлаб эни 2,5 метрли ёпиқ йўлак бўлиб, шинаклар ва афтидан ёруғлик туйниклари ҳам йўқ, туртбурчак гумбаз билан ёпилган. Баландлиги 1,87метр. Кириш жойи калъанинг жанубий деворида бўлиб, шарқий девордан ўтиш жойи бўлган тўғри бурчак шаклидаги пешдарвоза иншооти билан ҳимояланган. Пешдарвоза иншоотига кириш жойи бир-биридан 4,4 метр масофада жойлашган тўғри бурчак шаклидаги икки бурж билан мустаҳкамланган. Истеҳком шарқий ва ғарбий деворларда бир биридан 13,8 м масофада, шимолий деворда эса 11,5 метр масофада жойлашган ярим эллипс шаклидаги буржлар билан кучайтирилган. Қалъанинг тўрттала бурчагида буржлар айри қалдирғоч думи шаклида жойлашган. Ҳамма буржлар девор юзасига тираб қурилган. Гумбазли берк йўлак устидаги девор юқорисида бир-биридан ўртача 1,5 метр масофада найзасимон шинаклар қўйилган. Пешдарвоза иншоотига кириш жойининг шимолий томонида, ўтиш жойига ўрилган девор сувоғида бир қаторда уч белги ва унинг устида бир белги қўйилган. Белгилар лойга 2-3 мм чуқурликда тиғ билан тилиб битилган. Ёзув устидаги белгини қурилиш бошлиғининг тамғаси деб хисоблаш мумкин. Калъа марказида 5 метр чуқурликдаги ўра мавжуд. Бу ерда эҳтимол қудуқ бўлган. Қалъа мил. авв. 4-3 асрларда қурилган деб хисобланади. Башарти шундай бўлса ёзув истехком қурилган даврга оид бўлади. Мил.авв. 4-2 асрларга оид жез пайкон, мил. авв. 4-3 асрларга тааллуқли териб олинган сопол парчалари қалъани мил. авв. 4-3 асрларга оид деб хисоблаш имконини беради.

АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ ТУРКУМИДАН: АЁЗҚАЛЪА ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИГИ


Аёзқалъа -3 . Шакли параллелограммга ўхшаш, майдони 4 гектар (260х180м) га яқин. Томонлари олам тарафларига қараган. Ёдгорликнинг ички деворларида, шунда ҳам айрим жойларда асос (цокол) устида хом ғишт (40х42х40х42х11см) тахламлари сақланиб қолган. Пахса асос сунъий қум “ёстик” устига қўйилган. Ёстиқ баландлиги 15-20 см. Ташқи девор қалинлиги асосда 3,20 метр, ички деворники 2,10 метр, йўлакнинг эни 2,70 м. Қалъа деворлари бутун тўғрибурчак шаклдаги буржлар билан мустахкамланган. Буржларнинг эни 8-9 метр бўлиб, улар ҳар 21-22 метрда жойлашган. Қалъа бурчакларида квадрат шаклда, ўлчами 11х11метр бўлган буржлар жой олган. Шахристонга кириш йўли жанубий девор ўртасида бўлиб, 13х13метр ўлчамдаги пешдарвоза истехком билан ҳимояланган.Адаштирма йўлга кириш жойи ундан 9 м жанубда жойлашган бир деворий бурж билан кучайтирилган. Қалъанинг ички майдонига хеч нарса қурилмаган. Шимоли-шарқий бурчакка якин жойдагина, улчами 49х59 метр бўлган, тўғри бурчак шаклидаги мустаҳкамланган бино қолдиғи бор. 1939 йилда С.П.Толстов томонидан бинода олиб борилган тадқиқотлар унинг асоси узига хос струкурага эгалигини аниклаш ва кушонлар даврига оид, деб хисоблаш имконини берди. Кўлга киритилган янги материалларга асосланиб, Аёзқалъа-3 нинг, энг аввало бурчакдаги бинонинг барпо этилиш даврини мил. авв. 5-4 асрларга ёки 4 асрга тааллукли деб хисоблаш мумкин. Стационар археологик қазишлар даврида ҳам бинонинг санасини шундай белгилаш ўз тасдиғини топди.

Манба: Ellikqala.uz

Бўлимлар