Депутат ва Сенаторлар Чимбойда мактаб, мактабгача таълим, тиббиёт бирлашмалари ва ҚВПлар фаолиятини ўрганиб чиқишди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари аҳолининг барча тоифалари билан мулоқот ўтказган ҳолда ҳақиқий аҳволни, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий сайтида хабар берилди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 нафар депутатларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги ишларнинг ҳолати ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

Парламент аъзолари тумандаги ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқдалар. Хусусан, ўрганишлар давомида туманда жойлашган 10 та мактаб кўздан кечирилди. Масалан, 24-,11-,16-,39-сонли мактаблар бинолари ва хоналарининг ҳолати, синф хоналарининг иссиқлиги санитария ва гигиена нормаларига жавоб бериш ҳолати, кадрлар билан таъминланганлик даражаси ўрганилди.

Мактабгача таълим муассасалари билан болаларнинг қамраб олинганлик даражаси 23 фоизни ташкил этади. Шу боис, барча ўрганиш ўтказилган ОФЙ ҳудудларида яшовчи аҳоли томонидан мактабгача таълим муассасалар сонини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш масалалари, хусусан туман тиббиёт бирлашмаси ва ҚВПлар фаолияти депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинмоқда. Туманда жами 1 та тиббиёт бирлашмаси, 1 та поликлиника, 14 та ҚВП, 1 та тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам станцияси, 4 та тез тиббий ёрдам станциясининг филиаллари ва 1 та реабилитация шифохонаси мавжуд. Депутатлар улардаги моддий техника базаси, дори-дормонлар билан таъминланиш даражаси билан қизиқмоқдалар.

Ўрганишлар натижаларига кўра Чимбой тумани тиббиёт бирлашмасида жами 172 та шифокор фаолият юритади ва ҳозирги кунда анестезиолог-реаниматолог, нейрохирург, аллерголог, патолог анатом, гастроэнетеролог каби шифокорларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган.

Парламент вакилларининг халқ билан мулоқотлари жойларда қизғин давом этмоқда.

Мавзуга доир

Бўлимлар