Чемпионликни орзу қилаётган 7 та пойтахт (Фурқат Юсупов блоги)

Ўзбекистон чемпионатида 15 йилдан буён чемпионликни пойтахт жамоалари қўлга киритиб келишмоқда. Европада шундай мамлакат чемпионатлари борки, уларда пойтахт клублари бир неча йиллардан буён чемпион бўла олишмаяпти. Биз ана шундай чемпионсиз пойтахтлар рейтингини эътиборингизга хавола этамиз.

7. Словения - 21 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: “Олимпия” (Любляна) – 1994/95

1992 йилдан буён ўтказилиб келинаётган Словения чемпионатида пойтахтнинг “Олимпия” жамоаси қаторасига тўрт марта чемпионликни тантана қилди. Бироқ шундан кейин пойтахт жамоаси чемпионлик таъмини тотиб кўргани йўқ. Охирги 5 мавсумда “Марибор” чемпион бўлиб келмоқда. Умумий ҳисобда Мариборликлар 12 марта чемпион бўлишган. “Олимпия” эса сўнгги 2 йилда медалларсиз қолиб кетмоқда.

6. Люксембург - 22 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: “Авенир” (Люксембург) – 1993/94

Европадаги ушбу митти мамлакатда 1910-йилдан буён мамлакат чемпионати ўтказилиб келинади. Бу давлатда пойтахтликларнинг ҳукмронлиги тугаганига 20 йилдан ошди. “Авенир” пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион жамоадир. Сўнгги йилларда “Женесс”, “Дюделанж” ва “Фола” жамоалари Люксембург чемпионлигини қўлга киритиб келишмоқда.

5. Уэлс - 24 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: йўқ

Уэлс чемпионати 1992 йилдан буён ўтказилиб келинаётган бўлса ҳам, шу пайтгача пойтахтнинг бирорта жамоаси чемпионликни қўлга киритмаган. “Суонси” АПЛнинг мунтазам иштирокчисига айланган бўлса, “Кардифф” Чемпионшипда “сайр қилиб” юрибди. Яқин орада Кардиффдан чемпион чиқиши қийин. “Нью-Сейнтс” 4 йилдан буён Уэлс чемпионлигини бегона қилмай келмоқда.

4. Швейцария - 31 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: “Янг Бойз” (Берн) – 1985/86

Швейцарияда футбол маркази Цюрих ва Базел шаҳарларидир. Мазкур иккала шаҳарнинг шу номдаги клублари 12 йилдан бери чемпионлик тожини бегона қилишмаяпти. Охирги 6 йилда эса фақат “Базел” ҳукмронлик қилмоқда. Пойтахт вакили “Янг Бойз” 30 йилдан буён чемпион бўла олгани йўқ.

3. Шотландия - 56 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: “Хартс” (Эдинбург) – 1959/60

Шотландиялик мухлислар учун футбол пойтахти – Глазго. Бироқ мамлакатнинг расмий пойтахти – Эдинбург. “Хартс” 55 йилдан буён Шотландия чемпионлигини қўлга кирита олмай келяпти. Бу даврда “Рейнжерс” ва “Селтик” ҳукмронлик қилишди. Эдинбургликлар “Рейнжерс”нинг йўқлигидан фойдаланиб чемпион бўлишар балки.

2. Туркия - 58 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: йўқ

Туркияда миллий чемпионат ўтказилаётганига сал кам 60 йил бўлди. Бироқ шу пайтгача Туркиянинг бугунги пойтахти Анқара шаҳридан чемпион жамоа чиққанича йўқ. Айни пайтда пойтахт шарафини ҳимоя қилаётган “Генчлербирлиги” яқин орада чемпион бўлишини таҳмин қилиш ҳам қийин.

1. Германия - 85 йилдан буён
Пойтахтдан чиққан сўнгги чемпион: “Герта” (Берлин) – 1930/31

Таажубки Бундеслига тарихида бирорта пойтахт жамоаси чемпион бўлмаган (Германия Бундеслигаси 1964 йилдан буён ўтказилади). Фақат “Герта” узоқ 1930 йилда Германия чемпиони бўлган. Шундан сўнг “Кекса хоним” лақабли клуб атиги бир марта кумуш медални қўлга киритди холос. Берлин жамоасининг чемпионсизлик серияси ҳали узоқ давом этса ажаб эмас.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар