Олий Мажлис депутати Жолдас Абдижамилов Чимбойдаги камчилик ва муаммолар ҳақида маълумот берди

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқдалар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жолдас Абдижамилов KRuz.uz сайтига амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

8 феврал куни селектор тарзида бўлиб ўтган халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгаши сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари томонидан туманда олиб борилган ишлар якунлари муҳокама қилинди.

Туманда тадбиркорлик субъектларининг сони кўпаймоқда. Ўз навбатида уларга ҳудуддаги тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилишига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган, тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Сессия йиғилишида ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Тумандаги мутасадди идоралар фаолиятида аҳоли бандилиги масаласига юзаки қараш, расмиятчилик каби ҳолатлар учрамоқда. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш билан боғлиқ вазифалар долзарб бўлиб турибди.

Фуқаролар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифати, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятининг янада яхшилаш, тиббиёт муассасаларини дори воситалари ва дори-дармонлар билан таъминлашни яхшилаш лозимлиги таъкидланди.

Тумандаги аҳолига савдо ва маиший, коммунал хизмат кўрсатиш даражаси ҳам талаб даражада эмас. «Тазғара», «Бахытлы», «Қамыс-арық», «Қызыл-озек», «Тағ-жап» ва «Кенес» ОФЙларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари етарли эмас.

Аҳолини электр энергияси ва газ билан таъминлашда муаммолар мавжуд. Бу аҳолининг эътирозларига олиб келмоқда.

Сессия йиғилишида халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларни ўз сайловчилари олдидаги масъуллигини ошириш, партия гуруҳлари, доимий комиссияларни ташаббускорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилди. Хусусан, тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ечимини кутаётган масалаларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш, депутатлик назоратини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари парламент аъзоларини жойларга чиқиб, янгича услубда ўз фаолиятларини ташкил қилганликлари, туман Кенгаши депутатларини ҳам бу ишга жалб қилганликлари амалиётда ўзини самарасини кўрсатганлигини таъкидладилар. Хусусан, депутатлар кўпгина муаммоларни тезлик билан ҳал этиш, бир қатор фуқароларни бандлигини таъминлаш чораларини кўрганликларини алоҳида эътироф этдилар.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси раиси М. Ерниязов иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди

Мавзуга доир

Бўлимлар