Грандларни кўрмадингизми ёхуд Европада энг кўп кубок ютган 10 жамоа (Фурқат Юсупов блоги)

Олдинроқ Европа миллий чемпионатларида энг кўп чемпионликни қўлга киритган жамоалар ҳақида маълумот бериб ўтган эди. Бу сафар эса Европадаги миллий кубок соҳиблари бўлган жамоалар ТОП-10 талигини сизнинг ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

10. «Левски» (Болгария) – 25 та кубок
Софиянинг «Левски» клуби Болгария кубогини 25 марта қўлга киритган. Пойтахтликлар кубок баҳсларида илк бор 1942 йилда, охирги маротаба эса 2007-йилда муваффақият қозонишган. Болгарияда сўнгги пайтларда кубокни Софиянинг бошқа бир жамоаси «ЦСКА» қўлга киритмоқда.

8-9. «ХБ Торсхарн» (Фарер ороллари) – 26 та кубок
Фарер ороллари мамлакатининг гранд жамоаси «ХБ Торсхарн» 26 карра мамлакат кубогини қўлга киритган. Ушбу жамоа кубокда биринчи марта 1955 йилда, сўнгги бора эса 2004 йилда ғолибликни тантана қилган.

8-9. «Олимпиакос» (Греция) – 26 та кубок
Греция гегемони «Олимпиакос» ҳисобида ҳам ўз мамлакатининг 26 та миллий кубоги мавжуд. Пирейликлар иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1947 йилда илк бора, 2013 йилда эса охирги марта кубокда зафар қучишган.

7. «Аустрия» (Австрия) – 27 та кубок
Австриянинг «Аустрия» клуби ўз мамлакатида 27 маротаба миллий кубок ғолиби бўлган. Жамоа 1921 йилда дастлабки, 2007 йилда эса энг охирги кубогига сазовор бўлди. «Аустрия»ликлар 2005-2007 йилларда кетма-кет 3 мавсум гегемонлик қилишган.

5-6. «Барселона» (Испания) – 28 та кубок
Испания кубогини қўлга киритиш борасида мутлоқ рекордчи бўлиб турган «Барселона» ҳисобида 26 та кубок мавжуд. Каталонияликлар 1910 йилда илк бора, 2012 йилда эса охирги маротаба Испания кубогида ғолиблик нашидасини суришган.

5-6. «Бенфика» (Португалия) – 28 та кубок
Португалияда кубокни энг кўп қўлга киритган жамоа бу «Бенфика»дир. «Бургутлар» 1930 йилдан буён 28 маротаба кубок шохсупасига кўтарилишган. Жамоа икки маротаба кубокда «хет-трик» қайд этган. Яъни 1951-1953 ва 1985-1987 йилларда ғолибликни бегона қилишмаган.

4. «Рейнжерс» (Шотландия) – 33 та кубок
Чемпионликни қўлга киритиш борасида Европанинг мутлоқ рекордчиси, кубокда зафар қучиш борасида 4-ўринни эгаллаб турибди. «Рейнжерс» ҳисобида 33 та кубок мавжуд. Глазголиклар 4 маротаба кетма-кет 3 мартадан кубокда зафар қучишган. Афсуски мана шундай клуб бугунги кунга келиб, инқироз туфайли йўқолиб кетди.

3. «Селтик» (Шотландия) – 36 та кубок
«Селтик» 36 карра Шотландия кубоги соҳибидир. «Келтлар» 1892-2013 йиллар оралиғида шунча совринни қўлга киритишган. «Селтик»нинг «олтин даври» 1977-1982 йилларга тўғри келади. Ўшанда жамоа қаторасига 5 маротаба ғолиблик нашидасини сурган.

1-2. «Линфилд» (Шимолий Ирландия) – 42 та кубок
51 карра Шимолий Ирландия чемпиони бўлган «Линфилд» кубок баҳсларида 42 маротаба ғолибликни қўлга киритган. Ушбу жамоа 1890-2012 йилларда ана шу совринлар соҳиби бўлган. «Линфилд»нинг «олтин даври» 2006-2008 йиллар бўлиб ҳисобланади.

1-2. «Вадуц» (Лихтенштейн) – 42 та кубок
Миттигина мамлакат ҳисобланадиган Лихтенштейнда кубок баҳсларида «Вадуц» жамоаси 42 маротаба ғолиб бўлган. «Вадуц» 1955-1962 йилларда кетма-кет 7 марта, 1997-2011 йилларда эса қаторасига 14 бора кубокни бегона қилмай, ўз музейига олиб келган. Лихтенштейн гегемони «Линфилд» билан биргаликда европада кубок соҳиблари ўртасида қўшҳокимлик қилиб келишмоқда.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар