Фарзандликка олиш тартиби қандай?

Савол: – Оила қурганимизга етти йил бўлди. Турмушимиз яхши. Аммо фарзандли бўлмадик. Қайнонам ўғлимни бошқасига уйлантираман, деб никоҳимизни бекор қилишимизни сўради. Лекин биз турмуш ўртоғим билан бола асраб олишга қарор қилдик. Фарзандликка олиш тартиби қандай?

Мунира.

Жавоб: – Фарзандликка олиш Оила, Фуқаролик Кодекслари, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли Қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари, шунингдек, Адлия вазирлигининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мх-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида»ги йўриқномада белгиланган тартибда амалга оширилади.

2013 йили қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга асосан фарзандликка олиш фақат суд тартибида амалга оширилмоқда.

Бунинг учун фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза билан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судига мурожаат қилинади. Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар Фуқаролик процессуал Кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича алоҳида иш юритиш тартибида, фарзандликка олувчилар, васийлик ва ҳомийлик органлари вакили, шунингдек, прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.

Суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб, ўн кун ичида ФҲДЁ органи фарзандликка олинган боланинг туғилиши қайд этилган далолатнома ёзувига зарур ўзгартиришлар киритиши лозим. Фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг ҳал қилув қароридан кўчирма, фарзандликка олинувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек фарзандликка олувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим этилади. Фарзандликка олувчилар икки ёки ундан кўп болани бир вақтда фарзандликка олган ҳолларда ҳар бир бола учун алоҳида суднинг ҳал қилув қарори тақдим этилиши, агар ушбу масалада суд томонидан битта ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, мазкур ҳал қилув қарорининг нусхалари фарзандликка олинаётган болаларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этилиши ҳамда ҳар бир қарорга алоҳида кирим ва ижро ҳақида белги қўйилиши лозим.


Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар