Нукусда янги лаборатория ишга тушди

Қорақалпоғистон Республикаси 1-сил касалликларига қарши курашиш диспансерида замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган янги лаборатория фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Д.Хажиев, Ўзбекистон Республикаси соғ¬лиқни сақлаш вазирлигига қарашли ихтисослаштирилган фтизатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази директори, профессор Н.Парпиева, “Чегарасиз шифокорлар” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Виктор Гарсиа Леонор ва бошқалар сўзга чиқиб, истиқлол йилларида соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси мус¬таҳкамланиб, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ишлаб чиқарилган замонавий тиббиёт ускуналари билан тўлиқ жиҳозлангани, халқаро ташкилотлар билан тиғиз ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги хусусида тўхталди.

— Илгари сил касаллигини даволашда асосан кўкрак рентгенографияси ва биоматериал сурмаси таҳлили натижасидан фойдаланилар эди, — дейди лаборатория раҳбари Б.Халмуратов. — Бу усул сил таёқчаларининг дори сезувчанлигини аниқлаш имконига эга эмасди. Лабораториямизга ўрнатилган Европа андозаларидаги “Гене-Хперт”, “НАИН”, “МГИТ”, “ЭРБА” каби замонавий ускуналарда сил таёқчаларининг дориларга сезувчанлигини икки соат ичида аниқлаш мумкин. Натижада, беморларга тез ва тўғри ташхис қўйилиб, емлаш режими амалга оширилади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О.Ҳамроев сўзга чиқди.

Тадбир иштирокчилари янги лабораторияда яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “ТБ-ПРАCТEКАЛ” клиник тадқиқот йўналиши лойиҳасига кўра 2-сонли республика сил касалликларига қарши курашиш диспансерида фойдаланишга топширилган 30 ўринга эга янги даволаш бўлими фаолияти билан яқиндан танишди.

А.ОРТИҚБОЕВ, "Қорақалпоғистон тонги" газетаси.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар