«Ўзбекнаво» тугатилади. Унинг ўрнига «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ташкил этилади

«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ва «Ўзбекрақс» миллий рақс бирлашмаси негизида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган, дея хабар бермоқда Daryo.uz

Президент фармонига кўра, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи ажратмалари, шунингдек, вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва даромадларидан ажратмалар жамғарма даромадларининг манбалари ҳисобланади.

Мазкур жамғарма маблағлари, хусусан, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси таъминотига йўналтирилади. «Ўзбекконцерт» янги тузилган Маданият вазирлиги ҳузурида фаолият олиб боради. Ушбу муассаса ўзида 2,5 минг ижодий жамоа ва ижрочиларни бирлаштиради.

Қайд этишларича, янги муассаса «мусиқа, хореография ва эстрада санъатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш самарадорлигини кучайтириш, Ўзбекистон халқининг маънавияти, ёрқин ва ўзига хос маданиятини ёритувчи юксак бадиий ва сифатли асарлар яратишга ҳар томонлама кўмаклашиш имконини беради».

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар