Нукусда “Ассалом, Наврўз!” деб номланган кўргазма очилди

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида Наврўз байрамига бағишлаб “Ассалом, Наврўз!” деб номланган кўргазма очилди.

Кўргазмада 30 дан ортиқ устоз мусаввир ва ёш рассомларнинг умрбоқий қадриятларимиз – сумалак сайли, гул сайли, кўпкари-улоқ ўйинлари, кексаларга ҳурмат-эҳтиром акс этган 90 дан зиёд мойбўёқ, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари намойиш этилмоқда. 

Устоз мусаввирлар Ж.Изентаевнинг “Эрта баҳор”, “Онамнинг портрети”, М.Қудайбергеновнинг “Баҳор”, В.Жапаровнинг “Сумалак”, “Хуш овоз”, Б.Серекеевнинг “Бахт қуши”, “Ҳаёт қувончи”, Ж.Лепесовнинг “Она бахти”, С.Бойбўсиновнинг “Баҳор шамоли”, Б.Айтмуратовнинг “Тўмарис”, А.Ражаповнинг “Соз оҳанглари”, А.Тажимуратовнинг “Наврўз қуши” картиналари, ёш рассомлар М.Қозоқбоевнинг “Келажакдаги Орол”, А.Давлетназаровнинг “Наврўз”, С.Бекбаулиевнинг “Овул”, Г.Қабулбекованинг “Лола гули”, Т.Шардеметовнинг “Овул манзараси” асарлари айниқса томошабинларда катта таассурот қолдирди. 

Кўргазма доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, "Арт-трио" груҳи аъзоси Мурод Азлархўжаев ва рассом Саидбек Собирбоев томонидан тасвирий санъат мактаби ўқувчилари учун маҳорат сабоқлари ўтказилди. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар