Қорақалпоқ давлат университетида ўтказилган ҚВЗда янги чемпион аниқланди

19-феврал куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқий театрида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети факултетлари ўртасида «Қувноқлар ва зукколар» танлови ўтказилди, дея хабар бермоқда Ислам Матеков.

Танлов «Чемпионликка тайёрмиз» мавзусидаги саломнома, «Бизда сенсация» мавзусидаги талабалар эстрада миниатура театри ва «Байрамлар муборак» мавзусидаги мусиқий бўлим каби 3 босқичдан иборат бўлди. Танлов олдидан қуръа ташланиб, жамоалар қуйидаги тартибда сахнага чиқиши белгиланди:

Эрталабки пайт:

Кимё технология факултетининг «Лаққилар» жамоаси;
Чет тиллари факултетининг «Дилмаш Интернатионал» жамоаси;
Физика-математика факултетининг «Ҳай-ҳай» жамоаси;
Техника факултетининг «Инженеринг» жамоаси;
Жисмоний маданият факултетининг «Физ-вос» жамоаси.

Тушдан сўнг:

Ўзбек филологияси факултетининг «ТурКаз.Уз» жамоаси;
Табиатшунослик факултетининг «Ред Боок» жамоаси;
Қорақалпоқ филологияси факултетининг «Қарекенглер» жамоаси;
Тарих ва ҳуқуқ факултетининг «Юристлар» жамоаси;
Ижтимоий-иқтисодиёт факултетининг «ЭФЖ» жамоа

Талаба-ёшларнинг қобилияти, эпчиллик ва топқирлигини баҳолаб бориш учун Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонга хизмат кўрсатган артист Ў.Қосимбетов (ҳайъат раиси), «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси Қорақалпоғистон минтақавий бўлими директори И.Абдикаликов, «Камолот» ЁИҲ Нукус шаҳар Кенгаши мудири А.Пиржанов ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг «Жайхун» жамоасининг собиқ аъзолари И.Сайманов, А.Ширазовлардан иборат ҳайъат аъзолари ташкил этилди.

Танловнинг дастлабки босқичида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети миқёсида ўтган йилда ўтказилган «Қувноқлар ва зукколар» танлови ғолиби техника факултетининг «Инженеринг» жамоаси ғолиблик учун асосий даъвогарларнинг бири эканлиги сезилиб турди. Аммо, бошқа факултет жамоалари, айниқса, кимё технология факултетининг «Лаққилар» жамоаси билан жисмоний маданият факултетининг «Физ-вос» жамоаси ва бу йилги танловга яхши тайёрларлик кўрганлигини сахнада намойиш эта олди.

Танловнинг иккинчи босқичида эса тарих ва ҳуқуқ факултетининг «Юристлар» жамоаси билан ижтимоий-иқтисодиёт факултетининг «ЭФЖ» жамоаси асосий фаворитлардан эканлигини намоён этган бўлса, табиатшунослик факултетининг «Ред Боок», қорақалпоқ филологияси факултетининг «Қарекенглер» ва ўзбек филологияси факултетининг «ТурКаз.Уз» жамоалари ҳам ўз сахна кўринишлари билан йиғилган томошабинларни ҳаяжонга солишди.

Сахна кўринишларида талаба-ёшларнинг ҳаёти, ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллиги, шунингдек, уларнинг ёмон иллатларга берилиб, ёт йўлларга кириб кетишининг олдини олишга даъват этилган ҳаракатлар ҳажвга бой кўринишлар орқали кўрсатиб берилди.

Танлов якуни бўйича, 3-ўринни бир хил 72 балл тўплаган ижтимоий-иқтисодиёт ва техника факултетлари, 2-ўринни 73,2 балл билан тарих ва ҳуқуқ факултети эгаллаган бўлса, жами 76,5 балл тўплаган танловнинг бу йилги ғолиби, кўчма кубок соҳиби кимё технология факултетининг «Лаққилар» жамоаси деб топилди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар