“Юмор байги": кеч қолган ҳакамлар ва “уйланиш касаллиги”

21-23 феврал кунлари “Юмор байги” кўрсатувининг чорак финал ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур теле-шоунинг иккинчи куни томоша қилишга бордим. Ишлар кўплиги боис, ҳар куни боришнинг иложи бўлмади. Иккинчи куни боришга ҳам “Юморбек” айтганидек “уят бўлади” деган сабаб мажбур қилди. Чунки Махсет Абдижамиловнинг шахсан ўзи таклиф қилганидан сўнг, бормасликнинг иложи йўқ эди. Шу куни теле-шоу меҳмонлари қаторида қорақалпоқ эстрадасининг ёрқин вакиллари кўпчиликни ташкил этган эди.

Аслини олганда реклама қилишни қорақалпоқ эстрада юлдузларидан тортиб янги юлдузчаларигача реклама қилишни Юморбекдан ўрганишса арзийди. Махсет ака ўз атрофида ажойиб ижодий жамоани шакллантирган. Ижтимоий тармоқларда “Хазилкеш” кўрсатуви тинимсиз реклама қилинмоқда. Охирги пайтларда ‘Юмор байги” кўрсатувининг рекламаси ҳам анча кучайди. “Қарақалпақстан” телеканалида ўз кўрсатувини Youtube’га жойлаштираётган ягона бошловчи ҳам Юморбек эканлиги кўпчиликка сир эмас. Кўп мақтаб юбордик-а? “Нукус ФМ” радиосида “5х5” эшиттиришига Юморбекни меҳмон сифатида таклиф қилганимизда, у танқидни умуман ёқтирмаслигини айтиб ўтган эди. Лекин “азгина” танқид қиладиган жойлари ҳам бор…

Хуллас, кўрсатувга қайтсак. Соат 14:00 да бошланиши керак бўлган “Юмор байги” 40 дақиқа кеч бошланди. Бунда кўрсатув ижодкорларининг айби йўқ. Зал ҳам деярли тўлиб бўлганди. Шунчаки айб кўрсатув ҳакамларида. Маълум бўлишича айнан улар кўрсатувнинг кеч бошланишига сабабчи бўлишди. Балки улар ҳам, барибир вақтида бошланмайди, кеч қолсак ҳам ҳеч нима қилмаса керак деб ўйлашгандир.

Ва ниҳоят узоқ кутилган кўрсатув бошланганидан сўнг, техника сал уялтириб қўйди.

Биринчи бўлиб саҳнага чиққан 17 ёшли йигит микрофон яхши ишламагани учун ўз чиқишини қайтадан бошлашига тўғри келди. Лекин шундан сўнг бу муаммони ҳам бартараф этишди. Биринчи босқичда олтита иштирокчи ўзларининг қисқа хазиллари билан чиқиш қилишди. Улар орасида деярли ҳаммани кулдишга мажбур қилган бир йигит бўлди. Унинг “уйланиш касаллиги” ҳақидаги чиқиши зални ларзага солди. Эътиборли жиҳати қизиқчилар орасида ёшгина бир қизнинг ҳам чиққани бўлди. Нима учун кўрсатув иштирокчиларини исмини келтирмаяпсиз деган савол пайдо бўлган бўлса, бу саволга жавобни кўрсатувни томоша қилганда топишингиз мумкин.

Хуллас, вақт камлиги учун кўрсатувни биринчи қисми тугагандан сўнг, кетишга қарор қилдим. Фикрларнинг қолганини кўрсатувни телеканалдан томоша қилиб бўлгач ёзаман.

Фурқат Юсупов

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар