Роналдунинг 10 та рекорди (Фурқат Юсупов блоги)

32 ёшли Криштиану Роналду футбол оламидаги бир нечта рекордларни янгилаб ташлашга улгурди. Биз эътиборингизга Португалиялик футболчи томонидан қайд этилган рекордлар ҳақида маълумот бериб ўтишни жоиз деб топдик.

1. Португалия терма жамоасининг энг сермаҳсул тўпурари
Роналду Португалия терма жамоаси таркибида 136 учрашувда 68 марта ўз номини таблога ёздириб қўйиб, терма жамоасининг энг яхши тўпурарига айланди. Олдинги рекорд Педро Паулетага тегишли эди. У Португалия учун 49 гол киритган. Роналду мазкур рекордни янгилашда давом этмоқда.

2. Еврокубоклар тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар
Криштиану Еврокубоклар тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди. У еврокубокларда 142 ўйинда майдонга тушиб 98 та голга муаллифлик қилган.

3. Чемпионлар лигаси тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар
“Реал” ҳужумчиси Чемпионлар лигаси тарихидаги энг яхши тўпурар номини ҳам ўзиники қилди. Роналду “МЮ”да 16, “Реал”да эса 80 гол урган. Мазкур мусобақадаги умумий голлари сони эса 96 тани ташкил этади. Кришнинг энг яқин таъқибчиси бўлган Месси ҳисобида эса 93 та гол мавжуд.

4. Европа чемпионатларидаги энг сермаҳсул тўпурари
Роналду Европа чемпионатлараида энг кўп гол киритган футболчидир. У Евро-2004 да Греция ва Голландия, Евро-2008да Чехия, Евро-2012 да Голландия (2 та) ва Чехия, ҳамда Евро-2016 да Венгрия (2 та) ва Уэлс дарвозаларини ишғол қилган. Умумий голлари сони 9 та.

5. Клублар таркибида халқаро майдонларда энг кўп гол урган футболчи
Криштиану “МЮ” ва “Реал” жамоалари таркибида халқаро майдонларда жами 101 та гол урган холда, бу борада ҳам рекордчи бўлиб турибди.

6. Чемпионлар лигасида бир мавсумда энг кўп гол урган футболчи
2013/14 йилги мавсумда “Реал” ҳужумчиси Роналду Чемпионлар лигасида 11 та учрашувда майдонга тушиб ўз ҳисобига 17 та гол ёздириб қўйди. Шу тариқа у мазкур турнирда бир мавсум давомида энг кўп гол урган футболчи номини олди.

7. Чемпионлар лигасида бир мавсумда гуруҳ босқичида энг кўп гол урган футболчи
2015/16 йилги мавсумда португалиялик ҳужумчи Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида “Реал” либосида 11 та гол уриб, ўзига хос рекорд ўрнатди.


8. Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичларида энг кўп гол урган футболчи
Роналду Чемпионлар лигасининг плей-офф баҳсларида жами 46 марта рақиблар дарвозаларини ишғол қилган. Бошқа ҳеч бир футболчи бундай натижани қайд эта олмаган.

9. “Реал” тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар
2009 йилдан буён Мадриднинг “Реал” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган Криштиану ҳозирга қадар 377 учрашувда 386 та гол уриб, клуб тарихидаги энг сермаҳсул тўпурарга айланди. Бундан олдинги рекорд афсонавий Раул (323 гол)га тегишли эди.

10. “Реал”нинг Испания чемпионатларидаги энг сермаҳсул тўпурари
Португал ўғлони ҳозиргача Ла Лигада 254 учрашувда 275 та гол киритди. Бу “Қироллик клуби”нинг Испания чемпионатларидаги энг кўп гол урган футболчи бўлиш учун етарли бўлди.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар