Cтол тенниси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кубоги ўтказилди

Нукус олимпия захиралари коллежида 21-24 февраль кунлари стол тенниси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кубоги мусобақалари ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ўзига хос спорт байрамига айланган тадбирда Нукус шаҳри, Хўжайли, Амударё, Чимбой, Тахтакўпир, Беруний, Қўнғирот, Тўрткўл ва Қанликўл туманларидан 210 дан зиёд спортчи ўзаро баҳслашди.

Турли ёшдаги ўғил болалар ва қизлар жамоалари ўртасида ўтказилган баҳсларда энг кучли ракетка эгалари аниқланди. Улар орасида Нукус олимпия захиралари коллежи қошидаги мактаб-интернатнинг 8-синф ўқувчиси Муҳриддин Ражабов ҳам бор. Истеъдодли бу спортчи жорий йилнинг февраль ойида Латвияда ўтказилган халқаро турнирда учинчи ўринни эгаллаб қайтди.

– Мазкур беллашувни ўтказишдан асосий мақсад энг кучли спортчилардан иборат Қорақалпоғистон терма жамоасини шакллантиришдир, – дейди мусобақа бош ҳаками Қайрат Тўлқинбоев. – Беш кишидан иборат ўғил болалар ва қизлар терма жамоалари март ойида Хоразм вилоятида ўтказиладиган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида иштирок этади.

Мусобақа якунига кўра, қизлар ўртасидаги беллашувда биринчи ўринни Нукус олимпия захиралари коллежи жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринга Нукус шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси, учинчи ўринга Амударё туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоалари сазовор бўлди.

Ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни Нукус олимпия захиралари коллежининг 1-жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни мазкур коллежнинг 2-жамоаси, учинчи ўринни Нукус шаҳар 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоалари қўлга киритди.

Бўлимлар