Амударёда аҳоли билан мулоқотда табиий газ, электр энергияси, дўконларни банк терминаллари билан таъминлаш масалалари кўтарилди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва қатор жамоат ташкилотларининг қўшма қарорига асосан халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги долзарб масалаларни ўрганиш тизими йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда amunews.uz

Бу масалада Амударё туманида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди. Ўрганиш ишларини мувофиқлаштириб бориш мақсадида туман ҳокимлигида 9 кишидан иборат штаб ташкил этилди. Туман Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмаси ташкилотларининг туман Кенгашлари, "Нуроний” жамғармаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмалари, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ходимлари оилалар билан мулоқотлар ташкил этган ҳолда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, турмуш даражаси, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганмоқдалар.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ мазкур ишчи гуруҳлар тумандаги 47 та овул ҳамда маҳаллалардаги 28 мингдан ортиқ хонадонларда бўлиб, муаммоли масалаларни ўрганиб чиқадилар. Шу кунгача ишчи гуруҳлар аъзолари тумандаги аксарият хонадонларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказдилар.

Аҳоли томонидан асосан табиий газ, электр энергияси, савдо ва маиший хизмат кўрсатишнинг ҳолати, савдо дўконларини банк терминаллари билан таъминлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш билан боғлиқ қатор масалалар кўтарилмоқда. Муаммоларнинг аксарияти тегишли муассаса ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда туман миқёсида ҳал қилинмоқда. Зарур ҳолларда муаммоли масалаларни Республика ва мамлакат миқёсида ҳал қилиш чоралари кўрилади.

Қолаверса, ишчи гуруҳ аъзолари аҳоли билан суҳбатда уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қонунда кафолатланган ҳуқуқ ва бурчларини тушунтириш бўйича тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқдалар.

Бу каби тадбирлар аҳолининг давлатга ва эртанги кунга ишончини янада оширмоқда. Сабаби, ҳар бир мурожаат орқасида инсон манфаати, унинг тақдири ётади. Давлат органлари халқнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини ўз вақтида ҳал қилса, юртимиздаги тараққиёт, тинчлик ва фаровонлик янада бардавом бўлади.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар