“Даут ата” чегара-божхона постида дронларни ноқонуний олиб ўтаётганлар қўлга тушди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли Қарорига асосан 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Бундан ташқари портатив лазерли нур тарқатгичларни ҳам республикамизга олиб кириш мумкин эмас.

Бу ҳақидаги эслатмалар божхона чегараларини кесиб ўтиш давомида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида ҳам мавжуд.

Шунга қарамай айрим шахслар томонидан учувчисиз учиш қурилмаларини мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб киришга уринишлар учраб турибди.

Таъкидлаш жоизки, олиб кириш таъқиқланган бу каби қурилмалар қаторига учувчисиз учиш имкониятига эга бўлган масофадан туриб бошқариладиган самолёт, вертолёт каби болалар ўйинчоқлари ҳам киради.

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут ата” чегара-божхона пости ходимлари шовотлик К.Амонов томонидан 1 дона учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасини ноқонуний равишда олиб кирилиши олдини олишди.

Бухоролик Ш.Халилов ҳам мазкур пост орқали кириб келар экан, йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхона ходимларининг оғзаки суриштирувлари пайтида маълум қилмасдан 2 дона учувчисиз учиш қурилмаси, 29 дона Laser Led Pen номли лазерли нур тарқатгич ручкаларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, “Бейнеў Нукус” йўловчи поезди амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчилардан бири Р.Атаханов 

1 дона учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасини яширинча олиб кирмоқчи бўлганлиги фош қилинди.

Рақамларга мурожаат қилсак, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтган 2016 йилда салкам 4,5 млн. сўмлик 9 та ана шундай учувчисиз учиш қурилмаларининг республикамизга олиб кирилиши олди олинди.

Фуқаролар божхона чегарасини кесиб ўтаётган вақтларида ўзлари олиб келаётган учувчисиз учиш қурилмаларини йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан, божхона назоратидан яшириб олиб ўтишга бўлган ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ёки Жиноят кодексида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, белгиланган жавобгарлик чораларининг қўлланилишига олиб келади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ҳуқуқбузарликлар, агар жиноят аломатлари бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 22719 ва 22722-моддалари билан малакаланиб, фуқароларга нисбатан товарлар мусодара қилиниб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Агарда учиш қурилмасининг қиймати жуда кўп миқдорни ташкил этса ёки кўп миқдорда шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар юзасидан 224-02-68 ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.

Бўлимлар