Ўзбекистонлик санъаткорлар қайси клубларга мухлислик қилишади?

Ўзбекистонлик санъаткорлар қайси клубларга ишқибозлик қилишларини биласизми? Биз шоу-бизнес юлдузларининг ижтимоий тармоқларга жойлаштирган расмлари асосида бу саволага жавоб топдик.

Санъат аҳли вакиллари асосан икки гранд жамоа “Реал” ва “Барселона”га мухлислик қилишар экан. Дастлаб “Барса”чилардан бошласак.

Салбий ва ижобий ролларни бирдай ижро эта оладиган маҳоратли актёр Азиз Раметов, “кичкина табиб” роли орқали танилган актёр Дилшодбек Каттабеков, Актрисалардан Шаҳзода Матчонова ва Ойхон Ифорзода Каталонияликларнинг ҳақиқий ихлосмандлари ҳисобланишади.

Шунингдек ҳам актёр, ҳам санъаткор Диёр Маҳкамов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Машҳурбек Раимжонов, кўплаб халқаро танловлар ғолиби Юлдуз Турдиева, “Беном” гуруҳи аъзоси Комил, “Элдидо” гуруҳи вакили Дилниёз, Ойбек ва Нигора “дуэт”идаги Нигора, шоу-бизнесдаги энг машҳур жуфтлик Фарруҳ Раимов ва Дилсўз ҳам “Барселона”нинг ўйинларини севиб томоша қилишади.

DJ Пилигримм эса “Барселона” иштирокидаги учрашувларни бир неча бор “Камп Ноу” стадионидан томоша қилган. У instagram’да ушбу клуб либосида тушган расмларини тез-тездан қўйиб туради.

Шоу-бизнес оламининг машҳур юлдузлари орасида “Реал”га мухлислик қиладиганлари ҳам талайгина.

Ҳам актёр, ҳам санъаткор Али Отажонов, “Севар ёрим қайдадур” дея хониш қилувчи Отабек Муталхўжаев, “Уммон” гуруҳи вакиллари Шоҳруҳ Исомуҳаммедов ва Жасур Рафиқов, “Элдидо” гуруҳи вакили Достон, “Мани ёрдим алдоқчи” дея куйловчи хоразмлик Бунёдбек Саидов “Қироллик клуби”га чин юракдан мухлислик қилишади.

“Эътироф” мукофотига сазовор бўлган Улуғбек Раҳматуллаев ва хонанда Тамилла ҳам “Реал” мухлиси ҳисобланишади. Улар ҳаттоки “галактикос” либосида фотосессия ҳам уюштиришган.

2014 йили Испаниянинг икки гигантини орқада қолдириб Испания чемпионлигига эришган “Атлетико” Мадриднинг ҳам мухлислари йўқ эмас. “Comedy.uz” резидентлари томонидан “Малибу” дея таъриф берилган Достон Убайдуллаев ва актёр Алишер Узоқов айнан “матрасчилар”га ишқибозилик қилишади. Алишер шунингдек “Арсенал” жамоасининг ўйинларини ҳам севиб томоша қилади.

Арсен Венгер шогирдларининг яна бир машҳур ўзбекистонлик санъаткор мухлисаси бу Севара Назархондир.


Фурқат Юсупов тайёрлади

Бўлимлар