Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун қанча миқдорларда тўлов ундирилади?

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказишда сўнги йилларда давлат божи миқдорлари бўйича қандай имтиёзлар берилди?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ-2085-сон қарорига асосан, 2014 йилнинг 1 январидан ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 баравар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайтирилиб, уларнинг миқдорлари тасдиқланди. Шунингдек, мазкур қарорда Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари)ни, шу жумладан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун давлат божи ундирилмаслиги белгилаб қўйилган.

 

Савол: Қонунчиликда ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай имтиёзлар назарда тутилган?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ-2085-сон қарорига асосан, ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи мазкур қарор билан тасдиқланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ундирилиши белгилаб қўйилган.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари қанча муддат ичида кўриб чиқилади?

Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари адлия органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилади, илгари мурожаатлар икки ойлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган эди.

 

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун қанча миқдорларда тўлов ундирилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ-2085-сон қарорида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандида, ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги миқдорларда давлат божи ундирилиши белгиланган:

халқаро ННТ, шунингдек халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари, шунингдек 50 АҚШ доллари;

республика ва вилоятлараро ННТ учун — энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари;

фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ учун — энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Мазкур Низомнинг 7-бандида ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади

Шунингдек, Низомнинг 8-бандида ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган сумманинг
50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилган.

 

Савол: ННТнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома дубликатини олиш учун қанча миқдорда тўлов ундирилади?

Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома дубликатини олиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги
Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бўлими бош маслаҳатчиси Т.Калиллаев жавоб берди.

Бўлимлар