Қорақалпоғистонда БМТнинг хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожига кўмак берувчи семинарлари бўлиб ўтади

Қорақалпоғистон Республикасининг учта туманида яшовчи 150 нафардан ортиқ аёллар хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича семинар-тренингларда иштирок этади. Бу ҳақда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Дарё»га хабар берган.

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)нинг Қўшма «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш» дастури ўзида белгиланган учта: Тахтакўпир, Мўйноқ ва Шуманай намунавий туманларида аёллар учун семинарларни ташкил қилмоқда. Семинарларга фақат уй хўжалиги билан машғул бўлиб қолган ва ўз бизнесини очиш ниятида бўлган ҳамда ихтисослигини ўзгартирмоқчи бўлган маҳаллий хотин-қизлар таклиф этилади.

Таҳсил берувчи семинарлар интерфаол тақдимотлар шаклида ўтказилади. Ўзбекистон тадбиркор аёллар уюшмаси «Тадбиркор аёл»нинг Қорақалпоғистон бўлими маслаҳатчилари тадбиркорликнинг имкониятлари ва истиқболлари, мижозлар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари, малакани ошириш бўйича мавжуд курслар ва янги ҳунармандчилик кўникмаларига эга бўлиш ҳақида ўз тажрибаларини сўзлаб беради.

Тренинг иштирокчилари бизнесни олиб бориш, қандай қилиб тадбиркорликни бошлаш, хатарликлар ва афзалликларни таҳлил қилиш (SWOT-таҳлил), дастлабки сармояни шакллантириш асослари билан танишади. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари масалалари, оилавий бизнесни яратиш фазилатлари, имтиёзли кредитларни олиш имкониятлари, ҳисоботларни топшириш, солиқларга тортилиш ва бизнес режани тузиш масалалари кўриб чиқилади.

Семинарлар 9–10, 14–15 ва 23–24 март кунлари бўлиб ўтади. Унда иштирокчилар бизнесни ташкил қилиш учун зарур бўлган ахборот олади, шахсий ўсиш ва турмуш даражасини ошириш учун оила фаровонлигига ҳисса қўшиш имкониятлари билан танишади.

Бўлимлар