Депутат ва сенаторлар Амударёда ҚВПларни санитар автомашиналар билан таъминлаш муаммосини кўтаришди

6 март куни халқ депутатлари Амударё тумани Кенгашининг сессиясида Қорақалпоғистондан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш якунлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Депутат ва сенаторларнинг Амударё туманига ҳозирги ташрифида бошқа вазифалар қаторида, соғлиқни сақлаш соҳаси чуқур таҳлил этилди. Чунончи, тиббиёт муассасаларининг бирламчи бўғини — қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш масалалари бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўрганишлар давомида туман соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан “Саломатлик” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Аммо ечимини кутаётган айрим масалалар депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Хусусан, 3 та ҚВП биносида тез ёрдам шаҳобчасини ташкил этиш ва уларни санитар автомашиналар билан таъминлаш лозим. Айрим қишлоқ врачлик пунктлари таъмирталаб, лабораторияларда эса замонавий анализатор етишмайди. Сессияда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши даражаси ва сифатини, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Очиқ ва танқидий мулоқот руҳида ўтказилган сессияда эришилаётган натижалар билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳаётини яхшилаш борасида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Сессияда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифати юзасидан тумандаги ижроия ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар