"ЭКОСАН" Қонликўлдаги 500 дан ортиқ хонадонда ичимлик сувини яхшилаб берди

«ЭКОСАН» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон ҳудудий ташкилоти, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда, қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП)га тоза ичимлик суви тармоғини янгитдан қуриб бериш бўйича пилот лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда, дея хабар бермоқда фонд матбуот хизмати.

Мамлакатимизда эълон қилинган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» муносабати билан ушбу хайрия ишлари давом эттирилиб, Қонликўл туманидаги «Бўстон» овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи 536 хонадондаги 2952 нафар юртдошларимизга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш мақсадида, «Қуламбет жираў» қишлоқ врачлик пунктига 288,8 метрлик ичимлик суви қувурини янгидан, барча анжомлари билан қуриш бўйича 35,5млн сўмлик пилот лойиҳа ишлаб чиқилиб, белгиланган ишлар маромида бажарилиб, обьект фойдаланишга топширилди, натижада ушбу ҚВП замонавий тиббиёт ускуналари билан ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланган, чекка қишлоқдаги ибратли тиббиёт масканига айланди.

Мазкур об`эктнинг тантанали очилиш тақдимоти маросимида «ЭКОСАН» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон ҳудудий ташкилоти директори, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгеси депутати Нурлибек Мирзамуратов, «Бўстон» овул фуқаролар йиғини раиси Алламберген Аяпов, Қонликўл тумани ҳокимининг ўринбосари Алишер Ибраймов, тиббиёт бирлашмасининг бош шифокори ўринбосари Жаксилик Ниманов, сув тармоқлари корхонаси бошлиғи Абдулла Есбергенов, «Қуламбет жираў» қишлоқ врачлик пункти бош шифокори Саўле Ишбаева ва «Чимбой иншооти» маъсулияти чекланган жамияти бошлиғи Самад Арзибаевлар қатнашдилар.

Тадбир сўнгида Соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда қишлоқ врачлик пункти жамоаси, тиббиёт ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшиладиган «ЭКОСАН» фондининг саъй-харакатларига ташаккурини изҳор қилдилар.

Бўлимлар