Мўйноққа тоза ичимлик суви етказиб бериш ишлари тўрт жойда олиб борилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувида эътибор қаратилган масалалар бугун ҳудуд аҳли кўз ўнгида ҳақиқатга айланмоқда.

2016 йилнинг 10 ноябрь куни видеоконференция шаклида бўлиб ўтган ушбу учрашувда Мўйноқ тумани студиясидан ҳудуддаги «Таллиўзак» маҳалла фуқаролар йиғини истиқомат қилувчи Бийбихан Утамбетова томонидан ушбу туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи кўтарилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилишининг бошланиши билан танишган эди. Ушбу 101 километрлик сув тармоғи ишга туширилгандан сўнг, бир суткада 7 минг куб метр сув етказиб бериш ва 25 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкони яратилади.

- Айни пайтда Қўнғирот – Мўйноқ йўлидан юрган инсоннинг дили яйрайди, дейди Бийбихан Утамбетова. – Чунки Мўйноқ туманига тоза ичимлик суви етказиб бериш ишлари тўрт жойда олиб борилмоқда. Жумладан, Қўнғирот туманининг «Олмазор» МФЙ ҳудудида насос станциясини тўсиқлар билан ҳимоялаш ишлари якунланиб, Мўйноқ тумани томан аллақачон қувур тортиб бошланди. Шунингдек, бу ишлар Қунғирот тумани «Қангли» ОФЙ ҳудудида ҳам давом этаётган бўлса, Мўйноқ тумани марказидан Қўнғиротга қарай ва Мўйноқ туманининг «Дўстлик» ОФЙ ҳудудида қизғин давом этмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 28 февраль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳудуд аҳолиси ҳаётида тарихий воқеалардан бири бўлди.

Мазкур қарорга асосан туманда 2017-2018 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш, сервис ва туризм, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишларида умумий қиймати 52,3 млрд. сўм, жумладан 990 минг АҚШ долларига тенг бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 1343 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, тумандаги собиқ “Мўйноқ балиқ консерва комбинати” ҳудудида 16 гектар ва собиқ 5-қурилиш бошқармаси ҳудудида 4,5 гектар, жами 20,5 гектар майдонда электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, сув ҳисоблагичлари, сув қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича “Мўйноқ” кичик саноат зонасини барпо этиш белгиланган.

Яна бир муҳим жиҳати, “Мўйноқ” кичик саноат зонасида янги ташкил этиладиган ва унинг майдонида саноат соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлардан, туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқдан, туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан таъсисчиларга тўланадиган дивидендлар тазидаги даромадлар солиқдан 10 йил муддатга озод қилиниши белгиланган.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда Мўйноқ туманида амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар бўйича тадбиркорлик субъектлари учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида кредитлар ажратиш назарда тутилган.

Мўйноқда туризмни ривожлантириш йўналишларига асос солинди.

Аҳамиятли томони шундаки, қарорда Мўйноқ тумани ва Орол денгизи тарихи ва бугунги кунини дунё миқёсидаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб, Мўйноқни Ўзбекистоннинг туризм марказларидан бирига айлантириш мақсадида ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг грант ва донор маблағларини жалб қилган ҳолда бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Туман ҳудудини янада ободонлаштириш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, болалар майдончалари ташкил қилиш ҳамда атрофини тартибга келтириш каби тадбирларни, шунингдек, туманни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир кенг кўламли ишларни амалга ошириш ҳам мўлжалланган.

Бўлимлар