Амударё тумани ҳокими ҳашарда манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди

11-12 март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Амударё туманида ҳам умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда. Бу ҳақда amunews.uz хабар бермоқда.

Туман ҳокимлиги биноси олдида ўтказилган ҳашарда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев ҳам иштирок этди ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди.

 

Ҳашарда тумандан 100 мингдан кўпроқ аҳоли иштирок этаётгани юртдошларимизнинг юрт ободлиги, тўкинлик, фаровонликка ўз улушини қўшишга интилишидан далолатдир. Шундан 60 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Барча маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим, тиббиёт ва бошқа муассасаларда тозалик, ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

Режага кўра, икки кунлик ҳашар давомида жами 217 га майдонлар ободонлаштирилади, 94 тоннамаиший ва қурилиш чиқиндилари 116 та техника ёрдамида чиқариб ташланади. 143 километр узунликдаги ариқ ва зовурлар тозаланиб, 1 та зиёратгоҳ ва 45 та қабристонлар ободонлаштирилади.

Ҳашар давомида 50 минг дона манзарали ва 31 мингдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари, 32 минг дона гул кўчатлари экиш режалаштирилмоқда. 148 нафар кам таъминланган, якка ёлғиз, ногирон, боқувчисини йўқотган кишилар истиқомат қиладиган оилаларнинг хонадонлари ҳашар йўли билан таъмирланади. Шунингдек, 158 та оилага мурувват ёрдамлари кўрсатилади.

Ҳашарчиларнинг саъй-ҳаракати билан қабристонлар, муқаддас қадамжолар, тарихий ёдгорликлар атрофи ободонлаштирилмоқда. Қабристонларда ҳашар уюштирилиб, ўтганлар руҳи ёд этилмоқда. Туманимизнинг "Уйшин” маҳалласи ҳудудида жойлашган "Полвон бобо” қабристонида ҳам ҳашар ташкил қилинди. Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатликдаги меҳнатлари ва хомийларнинг моддий кўмаклари натижасида қабристон атрофи девор билан ўралиб, ҳудуди ободонлаштирилди. Ҳашар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ана шундай уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик руҳида давом этмоқда.

Бўлимлар