Қорақалпоғистонда 281 та қабристон ва 42 та зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида, шарқ халқларида янги кун, янги йил боши саналган Наврўз байрамини муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Унинг доирасида 11-12 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан ОАВда эълон қилинган маълумотларга қараганда, икки кун давом этган умумхалқ хайрия ҳашари тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси буйича жами 1 миллион 350 минг 339 киши (шундан 850 минг 848 таси ёшлар) фаол иштирок этган. Бу ҳақда Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши раиси ўринбосари Рауаж Отарбаев хабар бермоқда.

2454 гектар майдон тозаланиб, 3836 тонна қурилиш ва маиший чиқиндилар олиб тошланиб, 1459 километр ариқ-зовурлар тозаланган.

281 та қабристон ва 42 та зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари олиб борилган.

Ҳашар иштирокчилари томонидан 507 минг 603 туп манзарали 311 минг 762 туп мевали дарахтлар кўчатлари, 381минг 801 туп турли гуллар экилган.

Ушбу тадбирларни амалга оширишга 872 дона техника жалб қилинган.

Ҳайрия ҳашари давомида 1 411 та кам таъминланган оилаларнинг турар жой ва уй-атрофлари тартибга келтирилиб, 1 364 та ёрдамга муҳтож оилаларнинг, 747 та ногирон ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, ҳайрия ёрдамлари кўрсатилган.

Албатта, меҳри дарё, тинчлик севар, мард ва тўғри сўз, бутун дунёга омонлик тилаб яшаётган халқимиз юқоридаги рақамларда кўрсатганимиздек, ушбу икки кун давомида фақатгина, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириб қўймасдан, юксак инсонийликнинг энг олий фазилатларини намоён этиб, эҳтиёжманд оилалар, боқувчисини йўқотганлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, ўзларининг меҳр ва мурувватларини изҳор этганликлари доимо келажак авлодларимиз учун тарбия ва ибрат намунаси бўлиб келмоқда.

Тилагим мана шундай жаҳон ибрат олса орзугулик эзгу ишларимиз бардавом бўлсин.

Наврўз ҳар бир инсон қалбига ободлик, юртимизга тинчлик, далаларимизга мўл ҳосил олиб келсин

Бўлимлар