“Қўнғирот-Мўйноқ” ичимлик сув қувури қурилиши давом этмоқда

“Қўнғирот-Мўйноқ” ичимлик сув қувури қурилиши жадал суръатларда амалга оширилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қадимий ва нав­қирон байрам муносабати билан мамлакатимиз аҳлига йўллаган табригида “Наврўз руҳи ва фалсафаси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ғоя ва мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг” эканлигини алоҳида таъкидладилар. Баҳорнинг бетакрор либосига бурканган Тошкентдан тортиб, энг олис қишлоқларгача бўлган барча жойлардаги янгиланишлар шундан далолатдир.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг муҳим вазифалари сирасига кирадиган “Қўнғирот-Мўйноқ” ичимлик сув қувури лойиҳаси Оролбўйи  аҳолисининг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқаради. Қиймати 26,4 миллиард сўмдан иборат бу қурилиш наинки Мўйноқ шаҳри, балки “Қизилжар”, “Дўстлик”, “Тик ўзак”, “Учсой”, “Шағирли”, “Шеге”, “Бўрлитов”, “Қозоқдарё” каби аҳоли масканларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни кўзда тутади.  Шуни алоҳида қайд этиш керакки, истиқлолнинг биринчи кунларидан бошлаб мўйноқликлар турмуши республика раҳбариятининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Мўйноқ аҳолисини жаҳон андозаларига жавоб берадиган “ЭКОС” қурилмалари орқали энг тоза ичимлик суви билан таъминланиб келинаётгани ҳам шу фикримизнинг ёрқин исботидир. Республика вазирлик ва идоралари, шунингдек, бир қанча халқаро ташкилотлар ҳомийлигида туман марказидан олисдаги масканларгача – аксарияти ерости қудуқлари суви билан таъминланди. Бу эса ҳудудда бошқа соҳалар қатори чорвачилик ривожига ҳам кенг йўл очиб беради.

– Мураккаб экологик вазиятдаги ҳудуд ҳаётини тубдан ўзгартирадиган бу улкан бунёдкорлик лойиҳасига шу йилнинг 20 январь санасида муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари келиб оқ йўл тиладилар, – дейди  қурилиш штаби бошлиғи, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси Қўнғирот ҳудудий узели раҳбари Б. Қудайназаров. – Жорий йилнинг 1 июлига қадар 101 километрлик янги сув ўтказгичга 400 миллиметрлик юксак сифатли полиэтилен қувурлар ётқизилади. Мазкур ишга йирик қурилиш ташкилотлари ва қудратли техника воситалари жалб этилган. Пировардида, бу бир кеча кундузда Мўйноққа 7 минг кубометр тоза ичимлик суви етказиш имконини беради. Мустақиллик шарофати билан “Туямўйин-Нукус-Тахтакўпир” сув ўтказгичи республикамиз аҳолисини тоза оби-ҳаёт билан таъминлашда янги саҳифа очган бўлса, “Қўнғирот-Мўйноқ” ичимлик сув қувури аҳоли саломатлиги учун ўта муҳим бўлган бу кенг кўламли ишни муваффақиятли тарзда ниҳоясига етказади.

Манба: Uzlidep.uz

Бўлимлар